Ўзбекистон | 08:34 / 07.08.2020
1434
4 дақиқада ўқилади

Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликка алоқадор идоралараро ягона электрон тизими ишга туширилади

Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик олиб бориши ҳолати юзасидан ахборот тайёрлаш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга доир чора-тадбирлар қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик олиб бориши ҳолати юзасидан ахборот тайёрлаш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Белгиланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан ва халқаро ташкилотларга аъзоликдан келиб чиқадиган мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 22 июндаги ПҚ-4756-сон қарорига асосан, халқаро шартномалар доирасида ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижадорлиги, ташкилотда қатнашишнинг мақсадга мувофиқлиги ва аъзоликдан олинадиган иқтисодий ва бошқа фойда, амалда тўланган аъзолик бадаллари тўғрисида маълумотларни тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 9 августдаги Ф-5017-сон фармойишига мувофиқ ташкил этилган вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали амалга оширилади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан ва халқаро ташкилотларга аъзоликдан келиб чиқадиган мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 22 июндаги ПҚ-4756-сонли қарорининг 1-иловасида кўрсатилган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар (кейинги ўринларда – ваколатли органлар) томонидан жорий йилда “Ijro.gov.uz” тизими ишга туширилгандан сўнг, кейинги йилларда эса йил давомида, лекин ҳар йили 1 декабрдан кечикмаган ҳолда, “Ijro.gov.uz” тизимига, ўзларига бириктирилган халқаро шартномалар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижадорлиги, ташкилотда қатнашишнинг мақсадга мувофиқлиги ва аъзоликдан олинадиган иқтисодий ва бошқа фойда, амалда тўланган аъзолик бадаллари тўғрисида маълумотлар киритилади;

Ташқи ишлар вазирлиги жорий йилда “Ijro.gov.uz” тизими тўлиқ ишга туширилиб, ваколатли органлар томонидан тегишли маълумотлар киритилгандан сўнг, кейинги йилларда эса ҳар йили 15 декабргача бўлган муддатда, “Ijro.gov.uz” тизимига киритилган маълумотларни умумлаштирган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

2020 йил 1 ноябрга қадар мазкур қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда, “ijro.gov.uz” тизимига тегишли ўзгартиришлар киритиб, тизимни синовдан ўтказади, синов жараёнида аниқланган камчиликларни жорий йилнинг 31 декабрга қадар бартараф этиб, тизимни ишга туширади;

ваколатли органлар билан биргаликда бир ойлик муддатда Ўзбекистон Республикаси қатнашадиган ёки аъзоси ҳисобланган халқаро шартнома ва халқаро ташкилотлар тўғрисида маълумотлар базасини ташкил этиш мақсадида, ҳар бир бириктирилган халқаро шартномалар ва халқаро ташкилотлар тўғрисида, шу жумладан уларни ташкил топган санаси, таркибига Ўзбекистон Республикаси қўшилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси, шунингдек уларнинг вазифа ва функциялари ҳамда бошқа тегишли маълумотларни “Ijro.gov.uz” тизимига киритиш тавсия этилади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Администрацияси, Вазирлар Маҳкамасига мазкур қарор талабларига мувофиқ “Ijro.gov.uz” тизимига киритилган маълумотларни кузатиб бориш ҳамда Ташқи ишлар вазирлигига умумлаштириш имконияти яратилишини таъминлайди.

Белгиланишича:

“Ijro.gov.uz” тизимига тегишли ўзгартиришларни киритиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

“Ijro.gov.uz” тизимида мазкур қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда яратилган янги модулни ваколатли органларга улаш ҳамда улар томонидан фойдаланилишини таъминлаш абонент тўловларисиз амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид