Ливанликлар ушбу фожиада ҳукуматни коррупция ва масъулиятсизлик туфайли айбламоқда.

Портлаш оқибатида шу вақтгача 158 киши ҳалок бўлгани тасдиқланган, ўнлаб кишилар бедарак йўқолган, 6 мингдан ортиқ киши турли даражада тан жароҳати олган. Портлаш шаҳарнинг бу қисмидаги кўплаб биноларни бутунлай вайрон қилган, шаҳарнинг ярмидаги бинолар турли даражада шикастланган.

Дастлабки қурбонлар орасида француз архитектори, фуқаролар урушидан кейин шаҳарни тиклашда хизмат кўрсатган Жан-Марк Бонфис ва портлашдан кейин воқеа жойига биринчилардан бўлиб етиб келган ўт ўчирувчи Сахар Фарес бўлган. Шунингдек, германиялик дипломатлардан бири портлаш қурбонига айланган.

Пайшанба куни кечқурун ҳукумат Байрут портининг 16 ходими қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Макроннинг ташрифи
Франция президенти Эммануэль Макрон 5 август куни Ливанга келиб, Байрут кўчаларини айланди. Ливан ўз вақтида Франция мустамлакаси бўлган ва икки давлат ўртасида алоқалар сақланиб қолган.

Шаҳар аҳолиси вакиллари Макрондан молиявий ёрдам сўрашди ва пулларни «коррупцияга ботган ҳукумат қўлига бермаслик»ни илтимос қилишди. Макрон французларнинг инсонпарварлик ёрдами коррупционерлар қўлига тушмаслигини ваъда қилди.

У шунингдек, мамлакатга янгича «сиёсий тартиб зарурлиги»ни таъкидлади. Макрон Ливан ҳукуматига фақат ислоҳотлар эвазига молиявий ёрдам берилишини маълум қилди.

Маҳаллий аҳоли вакиллари ҳукумат фожиа оқибатларини бартараф этишда сусткашликка йўл қўяётганидан шикоят қилган.

Шаҳарда яшовчилардан бири, режиссёр Жуд Чиҳаб BBC билан суҳбатда шундай деган: «Байрут йиғламоқда, Байрут бақирмоқда, одамлар саросимада, улар жуда чарчашган».

Маҳаллий аҳоли вакилларидан бири, портлашдан кейин шифохонага ётқизилган Чадиа Элмуши Нун шундай деди: «Мен бутун ҳаётим давомида бизни лаёқатсиз одамлар, лаёқатсиз ҳукумат бошқариб келганини ҳис қилдим... Аммо ҳозирги ҳолат - жиноятдир».

Портлаш сабаблари
Ливан президенти Мишель Аун дастлаб портлашга порт ҳудудидаги омборхонада хавфсизлик чораларига риоя қилинмаган ҳолда сақланган 2750 тонна миқдоридаги аммиак селитра сабаб бўлганини расман маълум қилганди.

Кейинроқ у портлашнинг аниқ сабаблари ҳозирча аниқланмагани, тахминлардан бирига кўра, «ташқаридан аралашув эҳтимоли мавжудлиги», портлаш бомба ёки ракета зарбаси натижаси бўлиши ҳам мумкинлиги ҳақида гапирди.