Ўзбекистон | 10:08 / 09.08.2020
9142
2 дақиқада ўқилади

Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Президент қарори қабул қилинди

Ўзбекистон Республикаси президентининг «2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Қарор Фарғона вилояти Сўх туманининг мавжуд ресурсларидан самарали фойдаланиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизациялаш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини ривожлантириш, саноат салоҳиятини янада ошириш, қишлоқ хўжалиги, сервис ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, шунингдек коронавирус пандемияси шароитида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш ҳисобига туман аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида қабул қилинган.

Қарор билан 2020-2021 йилларда Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланган.

Қуйидагилар Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўналишлари этиб белгиланмоқда:

  • замонавий рақобатбардош саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ташкил этиш ва уларни ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, хизматлар соҳасини ривожлантириш, тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш;
  • қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, соҳада фойдаланилмаётган ва фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни ўзлаштириш, ирригация-мелиорация тадбирларини амалга ошириш, чорвачилик, шу жумладан паррандачилик ва балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш;
  • йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга, аҳолининг уй-жой маиший шароитларини яхшилашга, соғломлаштириш ва маданий ҳордиқ чиқаришини ташкиллаштиришга қаратилган тадбирларни амалга ошириш, туман марказини ободонлаштириш;
  • таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тиббиёт соҳаси ва педагог ходимларнинг меҳнатини янада рағбатлантириш, туманда олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондириш, таълим ва тиббиёт хизматлари сифатини ошириш;
  • аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш.

Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Дастурни амалга оширишнинг асосий устувор йўналишларини инобатга олган ҳолда Дастурнинг мақсадли параметрлари ва молиялаштириш манбалари асосида 2020-2021 йилларда Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларининг манзилли дастурини тасдиқлайди.

Шунингдек, қарор билан Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш бўйича республика ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланган.

Мавзуга оид