Ўзбекистон | 15:20 / 11.08.2020
47404
2 дақиқада ўқилади

Ҳудудлар ва соҳалар бўйича алоҳида режалар ишлаб чиқилган - штаб аъзоси карантинни юмшатиш чоралари ҳақида

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Рустам Икромов 15 августдан бошлаб карантин қай асосда юмшатилиши бўйича изоҳ берди.

«Ўтган сафар карантинни юмшатиш босқичма-босқич амалга оширилганда кўплаб фуқаролар ва соҳасига рухсат берилган тадбиркорлик субъектлари томонидан чекловларнинг қўпол равишда бузилиши қатъий карантинни қайта жорий этишга олиб келгани ҳеч кимга сир эмас. Бу аҳоли орасида етарлича ташвиш уйғотди.

Айни кунларда 15 августдан бошлаб карантинни босқичма-босқич юмшатишга киришилмоқда. Бунда турли соҳаларнинг ўзига хос хусусиятларига кўра, яъни коронавирус тарқалишига қанчалик таъсир кўрсатишидан келиб чиқиб иш тутилади», деди Рустам Икромов АОКАдаги брифингда.

Штаб аъзоси коронавирус тарқалишини тўхтатиш доимий чекловлар билан эришиб бўлмайдиган жараён ҳисобланишини қайд этиб ўтган.

«Бу орқага қайтарилмайдиган ўзига хос жараён. Чунки коронавирус билан курашни фақатгина карантин ва чекловлар билан амалга ошириш мумкин бўлганида, ҳозиргача бутун дунёдаги қатъий чекловлардан кейин инфекциянинг маълум даражада пасайишга ёки тарқалишининг тўхташига олиб келиши керак эди.

Кўриб турибмизки, коронавирус ҳаво-томчи инфекцияси бўлгани учун маълум тартибларга риоя қилган ҳолда, аммо доимий чекловлар билан эришиб бўлмайдиган жараён ҳисобланади. Шу боис ҳозирда штаб томонидан карантинни юмшатишга оид таклифлар ишлаб чиқиляпти», дея Икромовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

  • Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда июль ойи бошида аввалига 1 августгача қатъий карантин жорий этилганди. Кейинроқ, июль ойи охирида карантин муддати 15 августгача узайтирилди.
  • Август ойи бошида республиканинг айрим ҳудудларида карантин юмшатила бошланди.
  • Сенат раиси Танзила Норбоева 7 август куни Сенат ялпи мажлисида Ўзбекистонда карантин чоралари босқичма-босқич бекор қилиниши ҳақида гапирди. 10 август куни эса президент Шавкат Мирзиёев карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилишини маълум қилди.

Мавзуга оид