07:37 / 13.08.2020
3358

Монополияга қарши курашиш қўмитаси 2020 йилдаги йирик битимлар ҳақида маълумот берди

Қўмита томонидан жами 1 трлн сўмлик битимларга олдиндан розилик берилди. 

 2020 йил 1 июль ҳолатига Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги акцияларни олиш бўйича битимларга олдиндан розилик бериш бўйича жами 64 та мурожаат келиб тушди. 

Қўмита хабарига кўра, шундан 14 таси хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш юзасидан бўлиб, 50 таси устав фондидаги (капиталидаги) акцияларни (улушларни) олишга доир мурожаатлар ҳисобланади. Ушбу мурожаатларнинг 18 таси хорижий инвесторларга тегишли.

Шу билан бирга, “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилганлиги учун, яъни хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидан улуш олишда монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олмасдан амалга оширилган битим сабабли 2 та хўжалик субъектига нисбатан иш қўзғатилиб кўрсатма берилди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида келиб тушган барча мурожаатлар таҳлил қилиниб, Қўмита томонидан жами 1 трлн сўмлик битимларга олдиндан розилик берилди, шундан 47,3 фоиз, яъни 479 млрд. сўмлик битимлар хорижий инвесторлар ҳиссасига тўғри келади.

Хорижий инвесторлар томонидан асосан тўқимачилик, фармацевтика, ахборот технологиялари, электротехника, қурилиш,
озиқ-овқат ва шу каби соҳаларга тўғридан-тўғри маблағлар ва замонавий технологиялар кўринишида инвестициялар киритилиши кўзда тутилган.

Ушбу давр мобайнида қуйидаги бир нечта йирик битимларни тузишга монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги берилди:

ТОО “Моторная компания “Астана-Моторс” (Қозоғистон) томонидан “HYUNDAI AUTO ASIA” МЧЖ ҚКнинг устав фондидаги 70 фоиз улушини олишига;

“ANGLESEY INVESTMENTS PTE. LTD.” компанияси (Сингапур) томонидан “ANGLESEY FOOD” МЧЖ ХКнинг устав фондидаги 100 фоиз улушини олиш;

AGROMIR BUKHARA” МЧЖ ҚК ва “AGROMIR CHUST” MЧЖ ҚКни “AGROMIR” МЧЖ ҚКга қўшиб юбориш.

Top