БТ давлат телеканалининг етакчи мухбири Александр Лучонок ишдан кетганини айтиб, таъсирли пост қолдирди: «Экраннинг нариги томонида турганлар, мен ортиқ жим тура олмайман. Менимча, ТВда берилаётган ҳар қандай маълумот муҳаррир ва идеологлар томонидан бир неча марта ўқилаётганидан хабардорсиз. Асосий мақсад – мамлакатдаги «турғунлик ҳолати»ни одамлардан яшириш. Ҳар бир эфир ўйланган қадам», деган журналист.

Лучонок намойишчиларнинг фикрини билишни таклиф қилган. Унинг айтишича, кўчада кўпчилик бир хил фикрда: «Намойишчилар орасида «қўғирчоқлар» борми? Буни билиш учун кўчага чиқиб, одамларга савол беринг. Улар деярли бир хил гапни айтишади. Шахсан мен қизиқиб кўрдим. Ҳаммасида Ғарбни айблаш эса мағлубиятни тан олишдан бошқа нарса эмас».
БТ журналисти ўтган йил Украинадаги сайловларни эслаб, мамлакатдаги ҳолатни қўшни давлатдаги вазият билан солиштирган: «Келинг, ўтган йил баҳорда Украинада бўлган сайловларни эслайлик. Унда ҳозирги президент Владимир Зеленский ғалаба қозонди ва мамлакатда ҳақиқий байрам бўлганди. Бизда ҳам ҳозир давлат нашрларида худди шундай ёзишмоқда. Унда нега «миллий байрамни нишонлаётган» халқнинг байрамини бузяпсиз?
Одамларни алдашни бас қилинглар. Жамият ўсди, жамият саводли бўлди. Ялтоқланаётган журналистлар, сўлагингизни артинг-да, тишингизнинг оқини кўрсатиб, акиллашда давом этаверинг. Аммо Хатико ҳақида воқеани унутманг. Ҳеч биримиз абадий эмасмиз, сиз янги хўжайин топишингизга ишониш қийин», деб ёзган БТ телеканали мухбири.
Давлат пропагандаси билан шуғулланувчи «Беларусь 1» телеканалининг яна бир журналисти Евгений Перлин биринчилардан бўлиб ишдан кетганини маълум қилганди: «Менинг мамлакатимда шунчаки *****!!! содир бўлмоқда. Этика бўйича эксперт бўлатуриб шуни айтяпман! Беларуслар, сабрли бўлинг. Сиз бахтли бўлишга ва тирик қолишга ҳақлисиз. Ҳарбийлар, бас қилинг!», деб ёзган у Инстаграмдаги саҳифасида.





















