Ўзбекистон | 15:29 / 18.08.2020
12759
2 дақиқада ўқилади

Бу йилги кириш имтиҳонларида ота-оналар учун алоҳида кутиш жойлари ташкил қилинмайди

Бу йилги имтиҳонда олдинги йиллардаги каби ота-оналар учун алоҳида кутиш жойлари ташкил қилинмайди. Абитуриентларга тест вақтидан 1 соат олдин синов ўтказиладиган ҳудудга келиши тавсия этилади.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги

18 август куни АОКАда ўтказилган брифингда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов кириш имтиҳонларига тайёргарлик тўғрисида маълумотлар берди.

«Кириш имтиҳонлари 2 сентябрдан бошланади ва 12 кун давом этади. Тест 2 сменада ташкиллаштирилади. 1-смена соат 8:00дан 10:00гача, 2-смена эса соат 17:00дан 20:00гача 3 соат давом этади.

Тошкент шаҳри ва Тошкент, Фарғона вилоятларида 6тадан, Самарқанд, Наманган, Сурхондарё вилоятларида 4тадан, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида 3тадан, Сирдарё ва Навоий вилоятларида 2тадан, Жиззах, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида 1тадан ҳудуд (стадион) тест ўтказиш учун белгиланган», деди Шоҳрух Ғиёсов.

Қайд этилишича, тест синовларида 1 361 473 нафар абитуриент иштирок этиши кутилмоқда. Стадионларга киришда алоҳида пунктлардан ўтиш талаб этилади. Ҳудудлар кузатув камералари билан таъминланади.

Шоҳрух Ғиёсов ҳар бир абитуриент синовга текширувдан ўтказиб киритилишини маълум қилди.

«Ҳар бир абитуриент киришдан олдин алоҳида текширувдан ўтказилади. Шунинг учун улардан ўзлари билан ортиқча нарса олиб келмасликни сўраймиз.

Бундан ташқари, бу йилги имтиҳонда олдинги йиллардаги каби ота-оналар учун алоҳида кутиш жойлари ташкил қилинмайди. Тест ўтказиладиган ҳудудларга олиб келувчи автомобиль йўллари камида 1,5 километр масофада бетон тўсиқлар ёки юк автотранспортлари билан ёпилади. Буларнинг барчаси зарурий хавфсизлик чоралари ҳисобланади.

Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналаридан шундай чеклов чораларига олдиндан тайёргарлик кўришларини сўраймиз. Абитуриентларга тест вақтидан 1 соат олдин синов ўтказиладиган ҳудудга келиши тавсия этилади», - деди у.

ИИВ вакилининг қўшимча қилишича, абитуриентларни ташиш учун алоҳида автобуслар ташкиллаштириш ҳам режалаштирилмоқда. 

Мавзуга оид