Бухоро вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов вафот этгани ҳақида хабарларни рад этди.
«Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловнинг вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бу хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмас.
Карим Камолов ҳозирда пойтахтдаги шифохонада даволанмоқда. Унинг саломатлиги малакали шифокорлар назоратида. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, блогерлардан ёлғон хабарлар тарқатмасликни сўраймиз», дейилган ҳокимлик баёнотида.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, Карим Камолов Тошкенттдаги Akfa Medline клиникасида даволанмоқда.
Маълумот учун, Карим Камоловда 25 июль куни коронавирус инфекцияси тасдиқланиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро вилоят филиалида даволанишни бошлаганди. 29 июль куни эса Камолов даволаш муолажаларини давом эттириш учун Тошкент шаҳридаги клиникага кўчириб ўтказилганди.
Карим Камолов 29 февралдан буён Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида фаолият кўрсатмоқда. У бош вазир ўринбосарлигига ўтказилган Ўктам Барноевнинг ўрнини эгаллаганди.
















