Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ДХХнинг Хоразм вилоят бошқармалари томонидан тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилди.
Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи хабар беришича, Тупроққалъа тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи М.Р. “Д.” МЧЖнинг иш юритувчиси Р.дан жамиятга тумандаги Гурлан массиви ҳудудидан балиқчилик кўли ташкил қилиш учун 15 гектар ер майдони ажратиб бериш эвазига 20 000 АҚШ доллари пора талаб қилиб олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан М.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.















