Видеоконференцалоқа шаклида ўтган йиғилишда турли йўналишларда сақланиб қолаётган коррупция ҳолатлари, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг келгуси фаолият йўналишлари, буюрократик тўсиқларни бартараф қилиш ва яширин иқтисодиётни қисқартириш масалалари муҳокама қилинди.
Унда шунингдек, Миллий кенгаш низоми лойиҳаси, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган миллий стратегия ва Миллий стратегия доирасида Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури лойиҳаларини ишлаб чиқиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Танзила Норбоева: «СЭОМлардаги каби коррупция ҳолатлари халқимизнинг давлатга бўлган ишончи сўнишига олиб келиши мумкин»
Йиғилишни олиб борган Олий Мажлис Сенати ҳамда Миллий комиссия раиси Танзила Норбоевага кўра, давлат органларига бўлаётган кўплаб мурожаатлар ва турли йиғин ҳамда ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлар аҳолини коррупциядан жиддий азият чекаётганини билдиради.

«ОАВ орқали чоп этилган ахборот материаллари, аҳоли билан ташкил этилган турли учрашувлардаги фикрлар, ижтимоий тармоқлардаги ҳамда давлат органлари ва ташкилотларига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили халқимизнинг мамлакатдаги бир қанча соҳаларда давом этаётган коррупциядан азият чекаётганини кўрсатмоқда.
Бунга соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий соҳаларини мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин. Хусусан, айни вақтларда мамлакатимиздаги пандемия шароитида санитария-эпидемиология осойишталик марказлари халқимизга содиқ хизмат қилиш ўрнига айрим мансабдорлар томонидан жиноятга қўл урилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг маълумотларига кўра, Қашқадарёда вилоятида 917,8 млн, Навоий вилоятида 509,8 млн, Наманган вилоятида 248,9 млн, Бухоро вилоятида 202,5 млн, Андижон вилоятида 159,3 млн сўм миқдоридаги бюджет маблағлари талон-торож қилинган.
Бундай ҳолатлар жуда кўп. Содир этиладиган бир-икки шундай ҳолатлар ҳам халқимизнинг давлатга бўлган ишончи сўнишига олиб келиши мумкин.
Юқорида қайд этилган ҳолатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқланганидир. Ҳали аниқланмаган ҳолатлар мавжуд эмаслигига ким кафолат бера олади?
Ушбу масалалар ҳали қиладиган ва ҳозирги вақтда олиб бораётган ишларимиз ҳали ҳам талаб даражасида эмаслигини кўрсатмоқда», – деди у.


















