28 июль куни Kun.uz сайтида «Бекободда ёш тадбиркор синдирилмоқда. Етимликда ўсган йигитнинг онлайн аукционда сотиб олган мулки прокурорнинг «ташаббуси» билан бузилмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинганди.
Тошкент вилояти прокуратураси мақола юзасидан баёнот берди. Баёнот матни қуйида тўлиқ ҳолда келтириб ўтилади.
«Мақолада фуқаро Ғ.Худойбердиев Бекобод тумани, «Илғор» МФЙ ҳудудидан 0,02 гектар ер майдонини «E-IJRO AUKSION» орқали сотиб олиб, қурилиш ишлари қилгани, бироқ туман прокурори якка тартибдаги тадбиркор И.Сувонқулов манфаатида маъмурий судга ноқонуний ариза киритгани, аризада етарлича асослар кўрсатилмагани баён қилинган.
Тошкент вилоят прокуратураси томонидан мақолада келтирилган важлар тўлиқ ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, 12.12.2018 йилдаги YU 1003-000005-сонли «Электрон-онлайн аукцион» баённомага кўра, Ғ.Худойбердиев туманнинг «Илғор» МФЙ ҳудудидаги 0,02 га ер майдонини савдо дўкони қуриш учун 15.549.391 сўмга сотиб олган.
Шунга кўра, Бекобод туман ҳокимининг 21.12.2018 йилда «Илғор» МФЙ ҳудудидан доимий фойдаланишга бериш учун аукцион орқали олинган «савдо дўкони» қурилиши учун ер майдони танлаш ва ажратиш тўғрисида 2635-сонли қарори қабул қилинган.
Бироқ, унга ажратилган 0,02 гектар ер майдони «Илғор» МФЙ худудида бўлса-да, Ғ.Худойбердиев савдо дўконини туманнинг «Қўрғон» МФЙ ҳудудидан қура бошлаган.
Бундан норози бўлган «Қўрғон» МФЙ ҳудудидаги савдо дўконлари мулкдорлари Сувонқулов Икром ва бошқалар туман ҳокими ҳамда прокурорига ариза билан мурожаат қилиб, Ғ.Худойбердиев уларга тегишли дўкон олдидан ноқонуний қурилиш ишлари олиб бораётганини, дўконга кириш йўли ва кўча юзини ёпиб қўйганини маълум қилишиб, қурилишни тўхтатишни сўраган.
Мазкур ер майдонига Бекобод туман ҳокими, прокурори ва бошқа мутасаддилар биргаликда боришиб, қурилиш ишлари бошланмасдан туриб Ғ.Худойбердиевга вақтинча қурилиш қилмаслиги, низо ҳал этилгач қурилишни давом эттириши мумкинлигини тушунтиришган.
Шунингдек, Ғ.Худойбердиев қурилишни тўхтатиб туриш ҳақида туман ҳокимлиги томонидан 27.11.2019 йилда 3-16/1718-сонли ва 12.12.2019 йилда 3-16-1/1718-сонли хатлар билан расман огоҳлантирилган.
Шу билан бирга, ушбу ҳолат туман прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилиб, низоли ернинг аукцион савдосида сотилиши ва туман ҳокимининг Ғ.Худойбердиевга ер ажратиб бериш ҳақидаги 21.12.2018 йилдаги қарори қабул қилинишида бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланиб, ҳоким қарори ва аукцион баённомасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида 19.12.2020 йилда туман маъмурий судига ариза киритилган.















