Аввалига Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида амалга оширилаётган қиймати 49 миллион долларлик «Мавжуд пропан-бутан аралашмаси олиш қурилмалари 1-, 2 ва 5-навбатларини модернизация қилиш» инвестиция лойиҳаси ҳолати ўрганилди.

Бошқарув раиси лойиҳани ўз вақтида ишга тушириш мақсадида тузилган махсус ишчи гуруҳ таркибидаги мутахассислар ва ишчи-ходимлар билан суҳбат олиб бориб, карантин даврида яратилган шарт-шароитлар билан ҳам яқиндан танишди.

Қурилиш майдонида ишчилар сони етарли эмаслиги ҳамда зарур барча техника ресурслари жалб этилмаганига эътиборсизлик қилинаётгани, бажарилган айрим ишларда камчиликларга йўл қўйилаётгани сабабли айрим масъуллар фаолияти танқид қилинди.

Ишчи гуруҳ шу куннинг ўзида «GTL» заводида бўлиб, ишчи-ходимларга яратиб берилган шароит, уларнинг яшаш жойлари ва карантин қоидаларига риоя этилаётгани билан яқиндан танишиб чиқди ҳамда олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари, бу борада эришилаётган натижалар ва йўл қўйилаётган камчиликлар ўрганилди.

Қурилиш-монтаж ишларининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида маҳаллий ва хорижлик янги мутахассисларни жалб қилиш, улар учун барча қулайликларни яратиш бўйича қўшимча топшириқлар берилди. «Enter Engineering Pte. Ltd.» компанияси сентябрь ойида 5 мингга яқин ишчи жалб этилаётганини инобатга олиб, уларнинг саломатлигини асраш, зарур шароитларни яратиш кераклиги таъкидланди.

Шўртан газ-кимё мажмуасида амалга оширалаётган ишлар ҳамда ишлаб чиқариш жараёнлари, мажмуанинг ишлаб чиқариш режими узлуксизлиги таъминлаш мақсадида барпо этилаётган «Ишчилар шаҳарчаси»даги бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар ҳолати кўрилди.

Шўртан газ-кимё мажмуаси ва «Uzbekistan GTL» – синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарувчи заводи, Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси каби йирик корхоналар барқарор ишлаши учун электр энергияси билан тўлиқ таъминлаб бера оладиган, 125 МВА қувватга эга 2 трансформаторли GTL 220/35/10 кВ подстанцияси қурилиш ишларини жорий йилнинг сентябрь ойида якунлаш ва кучланиш остига қўйилиши юзасидан топшириқ берилди.

«Муборак» газни қайта ишлаш заводига қилинган ташриф давомида эса, маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, корхонада автоматлаштириш жараёнлари ҳамда қурилмалардаги капитал таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишиб чиқилди.