Жамият | 14:15 / 24.08.2020
22575
2 дақиқада ўқилади

Никоҳдан ажрашишни қайд этиш учун қандай ҳужжатлар кераклиги маълум қилинди

Бугун, 24 август куни Давлат хизматлари агентлиги брифингида никоҳдан ажрашишни қайд этиш учун қандай ҳужжатлар кераклиги маълум қилинди.

ДХA бўлим бошлиғи Камолиддин Хўжаевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 218-моддасига асосан эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлганда ҳамда ўртада вояга етмаган болалари ва мулкий низолари йўқлиги тасдиқланган ҳолатда никоҳдан ажралиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига берган аризаларига асосан қайд этилади.

Эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича никоҳдан ажралишни қайд этиш учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига қуйидагилар тақдим этилади:

  • эр (хотин)нинг муомалага лаёқатсиз ёхуд бедарак йўқолган деб топилгани тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилувчи қарори;
  • эр (хотин) уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилингани тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳукмидан кўчирма, шунингдек, судланган эр (хотин)нинг ўртадаги болалари ва мол-мулки юзасидан низоси йўқлиги тўғрисидаги тилхат.

«Никоҳдан ажралиш ариза берувчиларнинг яшаш жойидаги ФҲДЁ органига ариза берилган кундан бошлаб уч ой муддат ўтгач қайд этилади», деди ДХA бўлим бошлиғи.

Мавзуга оид