Носир Отақўзиев: «Истиқлол» клубидан стадион ижараси учун 25 миллион берасан дейилгани йўқ»

Фарғона шаҳридаги дастлабки манзилимиз «Истиқлол» стадиони бўлди. Арена номи билан аталувчи клубнинг техник директори Руслан Худойдотовнинг мурожаати бўйича дастлаб Фарғона вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти Носир Отақўзиев билан учрашдик.

«Тўғрисини айтсам, «Истиқлол» клуби вакилларининг аввалроқ Kun.uz сайтига берган интервьюсини томоша қилиб, бироз ҳайратда қолгандим. Чунки клуб раҳбарияти «Истиқлол» стадиони ҳар бир ўйин учун 25 миллион сўм сўрагани ҳақида гапиришган. Аслида ҳеч ким бу клубдан 25 миллион сўм бериши кераклигини сўрагани йўқ. Хусусан, «Истиқлол» клуби мураббийлари Сергей Лебедов ва Анвар Бердиев билан «Нефтчи»да бирга тўп суриб, улар менга устозлик қилишган, бу стадиондаги машғулотлар ёки ташкилий ишлар бўйича доим маслаҳатлашишган. Аммо шу кунгача бу клубдан Руслан Жаъфарович ёки мураббийлар менга мурожаат қилиб, «Носир, стадион биздан ҳар бир ўйин учун 25 миллион сўм миқдордаги ижара пули сўраяпти», деб айтганлари йўқ. Бу ҳақда эшитмаганман.

Ўзи майдон бўйича Фарғона вилоятида фақатгина «Истиқлол» клубида муаммо бор. Про лигадаги «Нефтчи», «Турон», Суперлигада эса «Қўқон-1912» клублари ўз стадионларига эгалар. «Истиқлол» клубига стадионда машғулот ўташ учун маълум миқдордаги маблағ тўланиши шарт, деб айтилгани йўқ. Руслан Жаъфарович интервьюда ҳокимлик ҳақида ҳам гапирган эканлар, аслида на вилоят ҳокимияти, на ҳоким «стадионга киритманглар» деб гапиргани йўқ. Уларнинг бунга умуман алоқалари йўқ. Ҳозирги вазиятдан хабардор эканлигим учун бу гаплар ҳайрон қолдирди.

 Клуб стадиондан фойдаланиш бўйича шартнома имзоламоқчи бўлса ҳам, фақатгина шаҳар ободонлаштириш бошқармаси билан бир тўхтамга кела олиши мумкин. Чунки ўйингоҳ уларнинг балансида турибди. Билишимча, шартномада ижара миқдори 5-3 миллион сўм атрофида кўрсатилган. Унга кўра, стадион клубга ўйиндан бир кун олдин машғулот ва эртасига асосий ўйинни ўтказишга рухсат беради.

 Аслида маблағ сўралиши бутун дунёда бор нарса, ҳар ҳолда стадионда 80-100га яқин ишчи ва ходимлар меҳнат қилади, уларга маош бериш керак. Шу боис, айтайлик хусусий клубга стадионни текинга тақдим этиш деган нарса йўқ. Энг асосийси ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ўзаро келишиб, ўз ўйинларини бемалол шу стадионда ўтказишлари мумкин.