01:51 / 27.08.2020
6144

Microsoft Word дастурига аудиоёзувни матнга айлантирувчи функция қўшилди

Microsoft компанияси ўзининг Word матнлар муҳарририга аудиоёзувларни матнга айлантириш функцияси Transcribe’ни қўшди. Эндиликда фойдаланувчилар дастурда бирор нутқ ёзишлари ёки унга mp3, wav, m4a ёки mp4 форматидаги аудио- ва видеоёзувларни юклашлари мумкин.

Фото: Getty Images

Функция нутқни бевосита унинг ёзилиши вақтида матнга айлантириши ёки юкланган файлнинг матн ҳолатдаги кўринишини акс эттириши мумкин. Тайёр матнни эса таҳрир қилиб, асосий файлга қўшиш мумкин. Агар нутқ ёзилишида икки киши иштирок этган бўлса, Transcribe буни кўрсатади.

Фойдаланувчи расшифровка қилинган матн бўйича ҳаракатланиб, унинг муайян парчасига аудиоёзувда тўғри келувчи парчага ўтиши, аудиони турли тезликда тинглаши мумкин. 

Ушбу функция Microsoft 365 фойдаланувчилари учун веб-версияда мавжуд ва ҳозирча инглизча нутқларни матнга ўгиради. Бошқа тиллар кейинроқ қўшилишига ваъда берилмоқда.   

Бироқ аудиоёзувлар билан ишлашда баъзи чекловлар мавжуд: файл 200 МБдан кичик бўлиши, расшифровка қилинадиган аудиоёзув давомийлиги эса ойига 5 соатдан ошмаслиги керак. Айни вақтда қўшимча вақт ва мегабайт сотиб олиш имкони йўқ. Компания функциянинг мобил версиясини жорий йил охиригача тақдим қилишга ваъда берган.

2017 йил июнидан Microsoft 365’да Word, Outlook, PowerPoint ва OneNote дастурларида матнни айтиш функцияси Dictate мавжуд. 

Top