Ўзбекистон | 02:57 / 28.08.2020
4268
2 дақиқада ўқилади

Карманада ундирилмаган мол-мулк ва ер солиғи 11 млрд сўмдан ортиқлиги маълум қилинди

Бу ҳақда 27 август куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Навоий вилоят Кармана туман кенгашининг 12-сессиясида туман ҳокими Фахриддин Умаров маълум қилди.

Сессияда ҳоким туман аҳолисининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, яъни "темир дафтар" бўйича, шунингдек, бюджет даромадларини ошириш юзасидан ҳудудда қилинаётган ишларга тўхталиб ўтди.

Таъкидланишича, тумандаги 37 836 та оиладан 2747 таси "темир дафтар"га киритилган. Уларни иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида пахта ва ғалладан ҳосилдорлиги паст бўлгани туфайли фойдаланишдан чиқарилган 2300 гектар экин майдони боғдорчилик, полиз экинлари учун, 149 гектар ғалладан бўшаган экин майдони эса такрорий экин учун эҳтиёжманд оилаларга ажратилган.

Бундан ташқари, бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 165 нафар камбағал фуқарога 478 миллион сўм субсидия ажратилиб, иссиқхоналар қуриб берилган. Бу каби ишлар натижасида "темир дафтар"га киритилган меҳнатга лаёқатли 1247 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Кун тартибида депутатлар томонидан тумандаги мактабларда таълим жараёнини белгилаш учун ота-оналар иштирокида ўтказилган сўровнома натижасига бағишланган масала ҳам кўриб чиқилди. Туман ҳокими ўринбосари Элёр Кенжаевнинг маълум қилишича, ўтказилган сўровномада мактаблар сентябрь ойида очилишига 5125 нафар ота-она қарши бўлган бўлса, 13 528 нафар ота-она розилик билдирган.

Аммо депутатлар томонидан берилган савол ва таклифларга кўра, ўқитувчи ҳамда ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш, мактабларда шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш учун зарур шароитларни яратиш борасида ҳали бажарилиши лозим бўлган ишлар талайгина. Хусусан, айрим мактабларда ҳалигача ҳатто қўл ювиш шароитлари талаб даражасида йўлга қўйилмаган.

Кўрилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди. Сессияда Олий Мажлис Сенати аъзоси Улуғбек Файзиев иштирок этди.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид