Биринчиси, мамлакатда эркин бозор иқтисодиёти ва шартлари ишлайди – давлат корхоналари футболда ўзларини реклама қилиш орқали икки томонлама манфаатли, бозор нархлари асосида шартнома имзолайди. Худди бошқа йирик хусусий компанияларнинг инвесторлиги каби. Япония ёки Жанубий Кореяни мисол келтириш мумкин.

Иккинчиси, давлат бу ерда халқ ҳам ўта бой бўлиб, барча эҳтиёжлар қондирилган, футбол эса халқ учун ижтимоий овунчоқ вазифасини ўтаб беради. Худди Қатар ёки БААдаги каби. 

Биз ҳар икки тоифага ҳам кирмас эканмиз, давлат компаниялари монопол бўлиб, рекламага муҳтож эмас, юқорида айтганимдек, халқнинг футболдан бошқа мингта дарди бор экан, бошқа зарур соҳалар учун ишлатилиши мумкин (шарт) бўлган маблағлар умумий аҳолининг 1 фоизини ҳам қизиқтирмайдиган соҳага йўналтирилиши нотўғри.

(Хос вазиятлар бўлади. Масалан, рентабеллиги юқори бўлган ОТМК ўз футбол жамоасини ташкил қилиш орқали, асосан комбинат ишчиларидан ташкил топган Олмалиқ аҳолисини рағбатлантиради. Шу орқали ишчилар бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари, дам олишлари, кўнгил ёзишларига шароит тақдим этади. Худди шундай, Андижон вилояти ҳокими бюджетдан «Андижон» ФКга пул бериши, айтайлик, вилоятнинг қаеридадир дам олиш маскани, ҳайвонот боғи ташкил этишга ҳаракат қилишидек гап. Аммо меъёр, жавобгарлик, талаб доирасидан четга чиқмаслик шарти билан).

Ўзбек футболида бир клуб молиявий инқироз ёқасига келиб қолди, бир клуб футболчисини сотиб, «пулини еб юборгани» бўйича ПФЛ томонидан айбланмоқда, яна бир неча клуб ягона агентлик остида бирлашиб – халқаро мусобақаларда қатнашиш эшигини ўзи учун ёпмоқда ва ҳоказо. Мана шундай воқеалар фонида яна ўша эски мавзу – футбол клубларини хусусийлаштириш, давлат футболга пул ажратмаслиги кераклиги, футбол даромадлари ва ҳоказо мавзулар чиқиб келаверади. Бу эса, бизга ҳар сафар турли томонлардан қараш имкониятини ҳам тақдим этади.

Футбол клубларини айблар эканмиз, одатда уларга қарата – «ўзинг пул топ, ўз харажатларингни қопла, боқиманда бўлма» қабилида чақириқлар қиламиз. Агар футболнинг ривожланиши ушбу соҳа ўзини ўзи қоплаш даражасига етиши билан боғлиқлигини эътиборга олсак, намуна қилинадиган «Пахтакор», «Қўқон 1912» ёки ҳатто «Турон»нинг аҳволи ҳам у қадар ҳавас қиларли эмас. Бири ўзига бой инвестор топиб, катта пул сарфлаётган бўлса, иккинчиси харажатларини футболга боғлиқ бўлмаган даромадлар ҳисобига қоплаяпти. Яъни иккиси ҳам вақтинча, футбол нисбатан даромад келтирмас экан, инвестор қачондир зерикиши, тадбиркорлар ҳам ўзига бошқа овунчоқ топиши турган гап. Хўш, нима қиламиз? Ҳамма айб клублардами?

Саволни бошқача қўямиз – бугунги футбол шароитимизда, алоҳида олинган бир клуб, яхши бошқарув ва тўғри сиёсат ёрдамида ўз ўзини қоплай оладими? Сифатли маҳсулот – сифатли футбол ишлаб чиқариб, уни сота оладими?