Суҳбатнинг биринчи қисмида олимнинг маркетинг тадқиқотчилиги бўйича илмий изланишлари, дунёда маркетинг тушунчаси, маркетинг илмининг бизнесдаги аҳамияти ҳақида сўз борган эди.

– Ўзингиз яшаган давлатлар аҳолиси дунёқараши, яшаш ва турмуш тарзи билан қизиққанмисиз? Финландия мисолида олсак, финлар қанақа одамлар?

– Қаерда яшамай, ўша ҳудуддаги инсонлар турмуш тарзини кузатаман ва бунга қизиқаман. Ўзим ўсиб-улғайган шаҳар Самарқандда ҳам турли миллатлар, тиллар, маданиятлар аралаш яшайди. Ҳар бир миллатнинг ўз урф-одати, анъаналари бор, шу жиҳатдан ҳам Самарқанд ўзгача шаҳар десам ҳам бўлади. Ёшликдан бу қадимий шаҳарда уч хил тил ва турли дунёқарашдаги инсонларни кўриб юрардим. Хорижий мамлакатларни кўрганда эса бу қизиқиш янада ортди.

Финландия ва унинг одамлари ҳақида гапирадиган бўлсам, бу – ажойиб бир давлат, одамларининг бизга ўхшаш тарафлари ҳам бор. Финлар деганда уларни билган инсон тасаввурида гавдаланадиган бир қанча хусусиятларга эга. Биринчи хислати бу – ишонч. Яъни финлар ўзига ишончи жуда кучли миллат.

Ўзига бўлган ишонч шундаки, (финларда sisu дейилади, яъни) аниқ белгиланган мақсад, унга эришиш учун тўхтамасдан ҳаракат қилиш. Ёки бошқача ифодаласак, финларни мақсадидан оғишиб, ярим йўлда ортга қайтиб кетадиган одати йўқ.

Ўзига бўлган ишончига тарихий бир мисол. Тарихда совет-фин урушлари номи билан кирган ҳодиса бор. Финландия аскарлари бир неча ўн баробар кам бўлишига қарамай, улкан совет иттифоқини жанг майдонида енга олган давлат ҳисобланади. Бу тарихан исботланган воқелик. Тўғри, сиёсий ўйинлар туфайли урушда мағлуб бўлади, айрим ҳудудларидан айрилади, лекин жанг майдонида кўрсатган жасорати уларнинг қанчалик қатъиятлилигини кўрсатиб турибди.

Шунингдек, халқнинг давлатга ва инсонлараро ишонч, бу ҳам ҳавас қиларли ҳолатда.

Иккинчиси, ўзаро ҳамкорлик. Финларнинг ўзаро ҳамкорлиги, бир ёқадан бош чиқариб ишлай олиши мақташга арзигулик. Масалан, йилда икки марта кўча-кўй, атрофларни тозалаш ишлари бўлади. Буни финлар ўзгача завқ билан кутиб олади. Шу куни ҳамма оиласи билан чиқади ва худди бир байрам кунидай ўтказади.