Жаҳон | 09:30 / 02.09.2020
18310
2 дақиқада ўқилади

Бельгиядаги шаҳарда фаввора остидан биринчи мэрнинг юраги солинган қути топилди

Бельгиянинг Вервье шаҳри марказидаги фаввора таъмирланиши вақтида унинг остида шаҳарнинг биринчи мэри юраги солинган қути топилди. Бу ҳақда Daily Mail  нашри хабар берди.

Юрак шаҳарнинг биринчи мэри Пьер Давидга тегишли бўлган. У Бельгия мустақилликка эришгандан кейин Вервьега раҳбарлик қилган.

Шу тариқа “шаҳар юрагида ҳақиқий инсон юраги ётиши” ҳақидаги қадимий афсона тасдиқланган. Юрак алкогол солинган идишда сақланган. Идиш эса ўз навбатида рух металлидан ишланган қутига жойлаштирилган.

Пьер Давид Вервьега 1798 йилдан ўз ўлимигача қадар – 1839 йилгача раҳбарлик қилган. У шаҳарга турли тузумлар вақтида мэрлик қилган, 1830 йилдаги инқилобдан кейин эса шаҳарда осуда ҳаёт кечиши учун барча имкони бор ишни амалга оширган. Жумладан, у шаҳарни ўт ўчириш жамоаси ва мактаб билан таъминлаган.

Пьер Давид 58 ёшида тўсатдан вафот этган ва миш-мишларга қараганда, маҳаллий ҳокимият унинг юрагини сақлаб қолишга қарор қилган. Тарихий манбаларда таъкидланишича, мэрнинг юраги 44 йил давомида маҳаллий ҳокимият биносида сақланган. 1883 йилда эса уни шаҳар марказидаги фаввора остига кўмишга қарор қилинган. Ўша йилдан фаввора унинг номи билан атала бошланган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид