Ўзбекистон | 11:50 / 03.09.2020
140242
2 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airways 5та йўналиш бўйича халқаро қатновларни тикламоқда

Uzbekistan Airways АЖ қатор йўналишлар бўйича парвозлар мунтазам равишда қайта тикланишини маълум қилди.

Авиакомпания хабарига кўра, қатновлар қуйидагича амалга оширилади:

  • Тошкент-Дубай-Тошкент - ҳафтада бир марта, 4 сентябрдан, жума кунлари;
  • Тошкент-Франкфурт-Тошкент - ҳафтада бир марта 10 сентябрдан, пайшанба кунлари;
  • Тошкент-Олмаота-Тошкент - ҳафтада бир марта, 11 сентябрдан, жума кунлари;
  • Тошкент-Бишкек-Тошкент - ҳафтада бир марта, 14 сентябрдан, душанба кунлари;
  • Тошкент-Истанбул-Тошкент - 4, 7, 11, 14, 16, 18, 21, 23, 24, 25, 28 ва 30 сентябрь;

Юқорида кўрсатилган шаҳарлардан Uzbekistan Airways рейсларида Ўзбекистонга парвозларни режалаштираётган йўловчилар парвоздан 72 соат олдин COVID-19’га ПЗР усулида олинган тест ҳақидаги маълумотномани рус ёки инглиз тилида тақдим этишлари керак. Тест мусбат натижа берган бўлса, йўловчилар парвозга чиқарилмайди.

Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркиядан мунтазам рейслар билан келган ва COVID-19’га тест натижалари ҳақида маълумотномага эга бўлган йўловчилар термометриядан ўтишлари ва ўзларини 14 кун изоляция қилиш мажбурияти билан анкетани тўлдиришлари керак бўлади:

Бунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун доимий яшаш жойида, чет эл фуқаролари учун Ўзбекистонда вақтинча рўйхатдан ўтиш жойида бўлиши лозим.

Келгандан кейин иситма ёки бошқа аломатлар бўлган йўловчилар Тошкент аэропортида текширувдан ўтказилади. ПЗР тести мусбат натижа берган йўловчилар даволаниш учун касалхонага ётқизилади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон фуқаролари юқорида кўрсатилган шаҳарларга парвозни режалаштирса, унда улар бу шаҳарлардаги санитар талабларини мустақил равишда аниқлаштириши ҳамда авиачипта сотиб олишдан олдин юқорида кўрсатилган мамлакатларга кириш ҳуқуқини берадиган тегишли асослар мавжудлигига ишонч ҳосил қилиши керак.

Мавзуга оид