Ўзбекистон | 08:35 / 04.09.2020
2412
2 дақиқада ўқилади

Давлат божхона қўмитасининг тиббий маркази ташкил этилади

Давлат божхона қўмитаси тизимида замонавий талаблар ва халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда, тиббий-ижтимоий ёрдам таъминотини шакллантириш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг Давлат божхона қўмитасининг “Тиббий маркази” давлат муассасасини ташкил этиш тўғрисидаги фармойиши лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг “Тиббий маркази” давлат муассасасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Муассаса Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани 5-мавзе, Қурилиш кўчаси, 5-уй манзилида жойлашган Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти тасарруфидаги бинолар мажмуасига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Муассаса фаолиятининг асосий мақсади – замонавий юқори технологияли тиббий диагностика асбоб-ускуналаридан фойдаланган ҳолда, давлат божхона хизмати органлари ходимлари ва пенсионерлари, уларнинг оила аъзолари ҳамда курсантларга имтиёзли, аҳолига пуллик тиббий хизматларни кўрсатиш этиб белгиланади.

Белгиланишича:

Муассаса директори Давлат божхона қўмитаси раисининг буйруғи асосида лавозимга тайинланади ва озод этилади;

Муассаса ташкилий тузилмаси Давлат божхона қўмитаси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси бир ой муддатда:

Муассаса Уставини тасдиқлайди, шунингдек, унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини;

Муассасанинг ташкилий тузилмаси ва штатлар жадвали тасдиқланишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Муассаса моддий-техника базасини шакллантириш ҳамда малакали кадрлар билан жамлаш чоралари кўрилади.

Муассаса фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • пуллик хизматлар кўрсатилишидан тушадиган маблағлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик маблағлари;
  • халқаро молия институтлари ва ташкилотларнинг грантлари;
  • Давлат божхона қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари;
  • қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид