Ўзбекистон | 10:41 / 04.09.2020
41495
2 дақиқада ўқилади

Наманганда ҳайдовчининг рулда ухлаб қолиши ўзи ва яна 3 нафар йўловчининг вафотига сабаб бўлди

ЙТҲ юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 4 сентябрь куни соат 05:00ларда, Наманган вилояти Поп тумани ҳудудидан ўтган 4Р 112 “Фарғона ҳалқа йўли” автомобиль йўлининг 10-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳайдовчи, 1998 йилда туғилган Ж.М. “Матиз” русумли автомобилда ҳаракатланаётиб, бошқарув вақтида ухлаб қолиб, қарама-қарши йўналишга ўтиб кетиб, қаршисидан келаётган ҳайдовчи, 1987 йилда туғилган И.О. бошқарувидаги “Нексия” русумли автомобиль билан тўқнашган.

Натижада, “Матиз” русумли автомобиль ҳайдовчиси, 22 ёшли Ж.М. ҳамда йўловчиси, 23 ёшли С.Х. ва “Нексия” русумли автомобиль йўловчилари, 45 ёшли И.М., 39 ёшли Р.Ғ. оғир тан жароҳати олиб воқеа  жойида вафот этишган.

“Нексия” русумли автомобиль ҳайдовчиси, 33 ёшли И.О. ва йўловчилари, 23 ёшли Ш.С., 22 ёшли Н.А. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилганлар.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Поп тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълум қилинишича, “Матиз” русумли автомобиль ҳайдовчиси Ж.М. бир йил давомида 9 маротаба, “Нексия” русумли автомобил ҳайдовчиси И.О. 1 маротаба қоидабузарлик содир этган.

“Барча йўл ҳаракати қатнашчиларидан чарчоқ ҳолатида транспорт воситасини бошқармасликларини, ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз”, - дейилади маълумотда.

Мавзуга оид