Жаҳон | 08:45 / 04.09.2020
5173
2 дақиқада ўқилади

Пекин аэропорти 6 ойлик тўхташдан кейин яна халқаро авиарейсларни қабул қила бошлади

Пекин аэропорти ярим йиллик танаффусдан кейин 3 сентябрдан оз сондаги давлатлардан авиарейсларни қабул қила бошлади. Ҳозирча Пекинга коронавирус тарқалиши даражаси паст бўлган 8 та давлатдан самолётлар кела олиши мумкин.

Жумладан, Европа давлатларидан Австрия, Дания, Швеция ва Грециядан Пекинга парвозлар амалга оширилиши мумкин. Хитой пойтахтига, шунингдек, Таиланд, Камбожа, Покистон ва Канададан рейсларга рухсат берилган. Пекин маъмуриятида таъкидланишича, ушбу рейсларда келувчи барча йўловчилар рейс амалга оширилаётган давлат фуқаролари бўлиши лозим. 

Йўловчилар Пекинга учиш олдидан коронавирусга манфий тест топширганлари ҳақидаги маълумотномани тақдим қилишлари, Пекинга келгач эса марказий базада мажбурий карантиндан ўтишлари ҳамда яна 7 кун давомида уй шароитида ўзларини яккалашлари лозим бўлади.

Биринчи босқичда Пекин ҳар куни 5 тагача самолёт ва узоғи билан 500 йўловчи қабул қилади. Кейинроқ йўловчилар сонини минг нафаргача ошириш кўзда тутилган. Ушбу рейслар Пекинга 23 март кунидан бери амалга ошириладиган илк рейслар бўлади. Айнан шу кундан бошлаб Пекин аэропорти пандемия сабабли халқаро авиарейслар учун ёпилганди. 

Охирги ойларда Хитой карантин чораларини бирмунча енгиллаштирди. Бироқ Пекин алоҳида ҳимояда бўлгани сабабли унга халқаро авиарейслар амалга ошириш тақиқлаб келинаётганди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид