Ўзбекистон | 13:26 / 08.09.2020
53137
2 дақиқада ўқилади

«Ўзметкомбинат» бошқаруви раиси вафот этди

“Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Сергей Вьюненко вафот этди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар бермоқда.

Фото: Ўзметкомбинат

Сергей Вьюненко 1978 йилда Қозоғистоннинг Павлодар шаҳрида туғилган. Евросиё Инновацион университетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1998 йилда “Қозоғистон алюмин” акциядорлик жамиятида қувурлар монтажчиси вазифасидан бошлаган. Кейинчалик йирик металлургия корхоналарида турли масъул лавозимларда меҳнат қилган.

2017 йилдан бошлаб Сергей Вьюненко “Ўзметкомбинат” АЖда иш бошлаган. Дастлаб комбинат бош муҳандиси, бошқарув раисининг биринчи ўринбосари, бошқарув раисининг ишлаб чиқариш бўйича биринчи ўринбосари, 2020 йилдан эса “Ўзметкомбинат” АЖнинг бошқарув раиси вазифаларида меҳнат қилиб келган. 

“Сергей Анатольевич Вьюненко Ўзбекистон Республикасида қора металлургия саноати ривожига катта ҳисса қўшди. У ўзига ва корхона раҳбар ва мутахассисларига жуда талабчан эди. Унинг раҳбарлигида ферроқотишмалар, пўлат симлар ва бошқа турдаги металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди, йирик инвестиция лойиҳаси – "Қуюв-прокатлаш мажмуаси қурилиши" ишлари бошланди.

С. Вьюненко металлургларнинг фаровонлиги ва турмуш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратар эди. Сергей Вьюненко Тошкент вилояти аҳолиси қалбида малакали ва тажрибали раҳбар сифатида абадий қолади”, - дейилади хабарда.

Мавзуга оид