Kun.uz мухбири бугунги кунда ACCA дастурлари бўйича Ўзбекистонда таълим олишни йўлга қўйган мутахассислар билан суҳбат уюштирди.

Суҳбатдошларимиз Тошкентдаги Ёджу техника институти ректори Жонпўлат Кудайбергенов; AFIM асосчиси ва раҳбари Ихтиёр Худоёров; «Express IELTS» НТМ асосчиси Азиз Абдураззоқов; ACCA аъзолари – Шерзод Иноғомов, Шаҳзод Эркинов, Санжар Жаббор; талабалар – Беҳзод Ҳайитов, ACCA-Simpson гранти совриндори Беҳзод Тожибоевлар бўлишди.

– Бугунги кунда Ўзбекистонда ACCA асосидаги таълим тизими унчалик ҳам кенг тарқалмаган. Шу сабабли, даставвал ACCA нималигини тушуниб олсак.

Жонпўлат Кудайбергенов

– ACCA'нинг кенгайтмаси – The Association of Chartered Certified Accountants бўлиб, бу атама инглизчада кенг маънода қўлланилади. Сўзма-сўз таржимаси «Дипломли ва сертификатланган бухгалтерлар уюшмаси» деган маънони англатади. Шу билан бирга, инглизчадаги accountant сўзи кенг маънода қўлланилишини инобатга олиб, бу сўзни бухгалтер ё ҳисобчи деб тушуниш тўғри бўлмайди. Бу сўз турли контекстда турлича – аудитор, солиқчи, молия менежери, ҳисобчи ёки молия директори деган маънони билдиради. Ушбу ўқув дастурида ўқиб, тугатгач, исталган корхонада ишлаб, молия департаментини «A»дан «З»гача бошқара оладиган молия менежери бўлиш мумкин.

ACCA’ни бизнес бошқарувини ўргатадиган ассоциация деб ҳам тушунса бўлади. Бу ассоциациянинг 13та фанни ўқитадиган дастури бўлиб, унинг ичида бухгалтерия асосий соҳа ҳисобланади. Шунингдек, дастур ичида молия бошқаруви, солиқ, тижорат ҳуқуқи, IT, бизнес бошқаруви каби йўналишлар ҳам бор. Кўпчиликда бу йўналишда ўқигандан кейин ким бўлиш мумкинлиги ҳақида савол туғилади. ACCA сертификатини олган талаба юқорида санаб ўтилган йўналишларда бемалол ишлай олади.

– Ўзбекистонда ACCA дастури бўйича таълим берадиган таълим маскани борми?

Азиз Абдураззоқов

– ACCA ташкилотининг Марказий Осиёдаги бош ваколатхонаси Қозоғистонда жойлашган. Лекин ACCA имтиҳонларини 192та мамлакатда ҳам топшириш мумкин. Имтиҳонларнинг барчасини Британия Кенгаши (British Council) ўтказади ва бошқаради. Имтиҳонларни ҳам ўзлари тузишади, талабгорлар фақат имтиҳон топширади.