Ўзбекистон | 18:22 / 10.09.2020
7416
2 дақиқада ўқилади

OSON тўлов тизимлари эгаси фуқароларни «OSON SYSTEM»дан огоҳликка чақирди

Ижтимоий тармоқларда OSON SYSTEM номи билан номаълум онлайн инвестиция платформаси ёрдамида миллионлаб пул ишлаб топиш имконияти тўғрисида маълумотлар пайдо бўлди.

OSON тўлов тизимининг асосчиси ва раҳбари шу номдаги сайт билан алоқаси йўқлигини айтмоқда. Бренднинг ягона яратувчиси ва эгаси «BRIO GROUP» МЧЖ раҳбари Фарҳод Маҳмудов ўз мижозларидан ҳушёр бўлишни ва бу каби номаълум ресурслардан фойдаланмасликни, маблағлар хавфсизлигини диққат билан кузатиб боришни илтимос қилди.

«Ҳозирда ушбу вазият бўйича бизнинг ҳуқуқшуносларимиз ишламоқда. Номимиздан фойдаланаётган компания Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаганлиги, юридик шахсни аниқлашнинг имкони бўлмагани, компаниянинг ўзи ёки унинг менежерлари тўғрисида расмий маълумотларнинг йўқлиги боис вазият мураккаблашмоқда», – дейди OSON раҳбари Фарҳод Маҳмудов.

Шуниси эътиборга лойиқки, сайт ҳақида маълумот тарқатадиганлар, ўз схемаларини турли мамлакатларга мослаштиришган ва фойдаланувчиларни кўпроқ жалб этиш учун олдиндан мавжуд бўлган тўлов тизимлари номидан фойдаланадилар.

Буни сайтга бошқа мамлакат прокси-сервери орқали кирганда текшириб кўриш мумкин.

«Бу каби тизимлар тажрибасиз фойдаланувчиларни йўлдан оздиришга уриниб, бизнинг номимиздан фойдаланаётганидан жуда афсусдаман. Айни дамда финтех саноати гуллаб-яшнаган даврда, фуқароларимизнинг молиявий саводхонлигини ошириш, шубҳали схемалар билан боғлиқ турли хил салбий ҳодисалар мавжудлигини, шахсий малумотларни шубҳали ресурсларга киритиб, ўз банкидан ташқари ҳеч кимга кириш паролларини бериш мумкин эмаслигини тушунтириш жуда муҳимдир.

Биз нохуш воқеа тўғрисида огоҳлантиришга қарор қилдик, чунки биз Ўзбекистонлик ва хориждаги мижозлардан саволлар, шунингдек, хорижий шерикларимиздан бир нечта сўровлар олдик. Расмий равишда эълон қиламанки, «BRIO GROUP» ўхшаш номдаги сайт ҳақида маълумот билан ҳеч қандай алоқаси йўқ ва чоралар кўрилиши учун тегишли маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга етказиш ниятида», – дейди Фарҳод Махмудов.

Мавзуга оид