Ўзбекистон | 11:33 / 11.09.2020
9454
2 дақиқада ўқилади

Япония компанияси Тошкентдаги Абдулла Қодирий боғида меҳмонхона қурмоқда

Тошкент шаҳрида туризм соҳасида тўғридан-тўғри Япония инвестициялари ўзлаштирилмоқда.

Фото: Туризм қўмитаси

Япониянинг H.I.S. Hotel Holdings Co. Ltd компанияси Олмазор тумани Абдулла Қодирий кўчасида жойлашган Қодирий номидаги боғнинг 2-лот ҳудудида умумий майдони 0,5 га бўлган 4 юлдузли замонавий ўзбекона услубдаги меҳмонхона мажмуаси қурмоқда.

Туризм қўмитаси хабарига кўра, қурилаётган ушбу меҳмонхона 140 хонадан иборат бўлиб, тўғридан-тўғри Япония инвестициялари ҳажми 13 млн. АҚШ долларини ташкил этади. 2020 йилнинг январь-июнь ҳолатига 5,8 млн. АҚШ доллар ўзлаштирилди.

Ҳозирги кунда меҳмонхонани қуриш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Меҳмонхонанинг ертўла қисми ва биринчи қавати битган бўлиб, ушбу қурилиш ишларига 100дан ортиқ ишчи жалб қилинган. Мазкур лойиҳани 2021 йил охирида фойдаланишга топшириш мўлжалланган. Яратиладиган иш ўринларининг умумий сони 73тани ташкил этади. 

Президентнинг 2020 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4563-сонли қарорига асосан Тошкент шаҳрида туризм соҳасига оид жами 14 лойиҳа киритилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 429,5 млн. долларни ташкил этади. Шундан 420 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ташкил этади. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида жами 45,4 млн. доллар ўзлаштирилган.

Мавзуга оид