Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида 20 турдан ортиқ саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган «Термиз» эркин иқтисодий зонаси барпо этилмоқда. Бу ҳақда 10-11 сентябрь кунлари журналистлар учун Сурхондарё вилоятига ташкил қилинган пресс-тур давомида маълум қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Таъкидланишича, янги эркин иқтисодий зонада экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ва асосан қўшни Афғонистон ва Покистонга экспорт қилинади.

Лойиҳа бўйича тақдимот қилган вилоят инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Самандар Худойбердиевга кўра, мазкур иқтисодий зонада «Термиз канцелярия моллари» МЧЖ томонидан замонавий телевизор ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам йўлга қўйилади.
«Замонавий телевизор ишлаб чиқариш лойиҳаси – 6,5 млн долларлик бўлиб, йилига 50 минг дона маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. У сентябрь ойининг охири ва октябрь бошларида ишга тушади.
Бунда маҳсулотнинг сифатли ва арзон бўлиши эътиборга олинади», – деди бошқарма бошлиғи.
Тақдимот давомида журналистлар томонидан ушбу маҳсулотларнинг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган «Artel» телевизорларига нарх ва сифат борасида қанчалик рақобатчи бўла олиши борасида савол билан мурожаат қилинди.
«Аввало, лойиҳадан мақсад ҳам бозоргир ва рақобатбардош телевизорлар ишлаб чиқариш. У бозорда ўз ўрнига эга бўлиши керак. Қайтараман, бу ерда чиқаётган телевизорлар рақобатбардош ва сифатли бўлади», – деди Самандар Худойбердиев.
Унинг қўшимча қилишича, лойиҳа тўлиқ ишга тушиши билан, кейинчалик экспорт ҳажми ва географиясини кенгайтириш бўйича ҳам режалар ишлаб чиқилади.

Тақдимот давомида Сурхондарё вилоят ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Рустам Пардаев иқтисодий зона борасидаги яна бир қатор маълумотларни журналистлар билан бўлишди.
Унга кўра, Афғонистонда ҳали ишлаб чиқариш йўқ ҳамда мамлакат йилига 4-5 млрд долларлик маҳсулотларни импорт қилиб келмоқда.
«Афғонистонга халқ истеъмоли моллари сотиладиган катта бозор керак.
Сизларга тақдимоти қилинаётган «Термиз» иқтисодий зонасини ташкил этишдан кўзланган мақсад қўшниларимизга қулайлик яратиш. Чунки уларнинг водий вилоятларимиз, Самарқанд ёки бошқа вилоятларга бориб маҳсулот олиб келиши қийин. Ҳар бир чегарада қайта текширув.














