Жамият | 18:05 / 19.09.2020
23037
2 дақиқада ўқилади

Хитойдан олиб келинган кислород концентраторларига Қўқондаги корхона ёрлиғини ёпиштириб сотаётгани ҳақида хабарларга изоҳ берилди

“Қўқон” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси “Грейт Қўқон” МЧЖ корхонаси кислород концентраторларини Хитойдан олиб келиб, ўзининг ёрлиғини босиб сотаётгани ҳақида хабарларга изоҳ берди

Вилоят ҳокимлигининг Телеграм-каналида эълон қилинган расмий муносабатда “Грейт Қўқон” МЧЖ кислород концентраторини Хитой Халқ Республикасидан тўлиқ сотиб олиб келмагани, балки “MIC Mediсal Co.Ltd” компанияси билан имзоланган шартномага кўра Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган концентраторнинг 40 фоиз қисми (кислородни ажратувчи филтрлар, сенсорли бошқарув тизими ва компрессор) Хитойдан импорт қилинаётгани, сўнгра “Қўқон” ЭИЗда йиғилаётгани таъкидланган.

«Шу билан бирга концентраторнинг 60 фоиз қисми ( корпуслар, турли ўлчамдаги электр узатиш кабеллари, ҳаво узатувчи шланглар, ўчириб ёқиш қурилмалари, сув қуйиш идиши ва турли ўлчамдаги болт ва шруплар, қадоқлаш қутиси ва пена) кооперация усулида Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариш корхоналаридан сотиб олиб йиғилмоқда...

Бугунги кунда Хитойда 5 литрлик кислород концентраторларнинг нархи 300-400 АҚШ доллари миқдорида бўла туриб, бизнинг корхонамизда йиғилаётганининг нархи 290 АҚШ долларини ташкил этмоқда. Агар биз кислород концентраторини Хитой Халқ Республикасидан тайёр ҳолда олиб келадиган бўлсак, йўл харажатлари, божхона божи ва қўшимча қиймат солиғи тўловлари билан 300-400 АҚШ долларлик маҳсулотлар 355-470 АҚШ долларга тушади. Биз маҳсулотни олиб келиб, шунча сарф харажатларни тўлаб, маҳсулотимизни 60 ёки 180 АҚШ доллари миқдоридаги зарарга сотишимиз керак бўлади», – дейилади баёнотда.

Мавзуга оид