Жамият | 11:49 / 20.09.2020
11412
2 дақиқада ўқилади

Чироқчи ва Андижондаги қийноқлар ички ишлар органлари номига кетмас доғ туширди — бош прокурорнинг биринчи ўринбосари

Ўзбекистон Республикаси бош прокурорининг биринчи ўринбосари Абдухалим Холмаҳматов раислигида «Республикада жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш самарадорлигини ошириш»га бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Онлайн тарзда ўтказилган йиғилишда Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Собиров, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Г.Маъруфова, тегишли бошқармалар бошлиқлари ҳамда вилоятлар ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг соҳа бўйича ўринбосарлари, туман (шаҳар) прокурорлари ва ички ишлар бўлимлари бошлиқлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари бошлиқлари иштирок этди.

«Йиғилишда бош прокурорнинг биринчи ўринбосари А.Холмаҳматов маъруза қилиб, ҳозирги куннинг долзарб ва оғриқли, давлатимиз раҳбари ва халқимизнинг асосли норозилигига сабаб бўлаётган муаммо – ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан фуқароларга тазйиқ ўтказиш, уриш – дўппослаш, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи ҳаракатлар содир этилишига чек қўйилмаётганига алоҳида тўхталди.

Чироқчи тумани ва Андижон шаҳрида ички ишлар ходимлари томонидан фуқаролар уриб, калтакланиб, қийноққа солиниши оқибатида вафот этгани ички ишлар органларининг, қолаверса бутун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг номига кетмас доғ тушишига сабабчи бўлаётгани таъкидланди.

Бундан ташқари, йиғилишда жиноятларни рўйхатга олиш, жиноятларни фош этиш ва тезкор қидирув тадбирлари ўз вақтида ва тўлақонли олиб борилиши, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу борада прокурор назоратига танқидий муносабат билдирилган.

Фаолиятда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан ҳудудий раҳбар ва масъул  ходимларнинг изоҳ ва тушунтиришлари эшитилди», деб хабар бермоқда Бош прокуратуранинг Ҳуқуқий тарғибот ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Мавзуга оид