Жаҳон | 17:27 / 21.09.2020
15971
2 дақиқада ўқилади

Коррупцияда айбланиб ҳибсга олинган Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчисига суд ҳукми ўқилди

Нур-Султонда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ котиби Анарбек Карашев ва Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Ерик Утембаевга ҳукм чиқарилди, деб хабар берди суд матбуот хизмати.

Анарбек Карашев

Карашев элчихона биносини қуриш учун ажратилган, шунингдек ҚҚС тўлаш учун мўлжалланган маблағларни ўзлаштиришда айбланган. Унга тадбиркорлардан пора олиш, пулларни легаллаштириш айби ҳам қўйилди.

Ерик Утембаев

Ўз навбатида, Утембаев Карашевга ёрдам берганликда айбланди. Шунингдек, суд мажлисида Ташқи ишлар вазирлиги Хўжалик бошқармасининг собиқ директори Сакенова (тадбиркорлардан пора олиш), бошқарманинг собиқ ходимлари Нурекенов (суиистеъмол қилиш ва пора олиш), Жумасанова (пора олишга ёрдам бериш), МЧЖ раҳбари Кутдусов (пора бериш) айбланувчилар курсисидан жой олди. 

Барча судланувчиларга суд томонидан айблов ҳукми ўқилди. Карашев ва Утембаевга 2 йил озодликни чеклаш жазоси белгиланди (модданинг санкцияси 7 йилгача чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади). 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид