Жамоатчиликка берилаётган маълумотлардаги бундай қисқартириш вазирлик статистикасида хатолар борлигига ишора қилувчи танқидий мақоладан кейин рўй берди.

Бундан ташқари, фаол жамоатчилик томонидан юритилаётган ўлим статистикаси вазирлик статистикасидан тобора фарқ қила бошлаши фонида, ССВ вафот этганларнинг исм-фамилияси бош ҳарфлари, жинси, ёши, қаерда яшагани ҳақидаги маълумотларни эълон қилишни ҳам тўхтатди.

22 сентябрь куни Daryo.uz эълон қилган мақолада ёзилишича, Тошкент вилоятида коронавирусга чалинган юздан ортиқ беморлар касаллик қайд этилганидан бор-йўғи 2–3 кун ўтиб «соғайиб чиқа бошлаган».

«Ҳозирча вилоят ССБ эришган ютуқлари бўйича бонг ургани йўқ, аммо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳар кунлик ҳисоботларини таққослаган ҳолда Тошкент вилоятида беморлар жуда ҳам тез даволанаётганини кузатиш мумкин», – деб ёзади нашр.

Маълум бўлишича, расмий статистикага асосланган ҳисоб-китоблардан қуйидаги хулоса келиб чиқади: Тошкент вилоятида 14 сентябрь соат 23:30гача гўё 11 сентябрь ва ундан олдин касалликка чалинганларнинг барчаси тузалган ҳамда 12 сентябрь куни COVID-19 қайд этилганларнинг камида 29 нафари орадан 2 кун ўтиб соғайган.

Ёки бўлмаса, расмий статистикага ишонилса, вилоятда 10 сентябрда коронавирусга чалинганлардан 130дан ортиғи 2 кун ичида тузалган бўлиб чиқяпти.

Тошкент вилоятида беморлар нафақат 2 кунда, балки 3 кунда соғайгани бўйича ҳам камида 2та мисол бор.

«Беморларнинг 2–3 кунда даволаниш тенденцияси август ўрталаридан буён давом этмоқда. Бир ой ичидаги исталган 4 кунни олиб, ўзингиз ҳам таққослаб, бунга амин бўлишингиз мумкин», – дейилади мақолада.

Қайд этилишича, Тошкент вилояти статистикасида келтирилган рақамларни солиштирганда, кимдир касалланганлар ва соғайганлар ўртасидаги «балансни сақлаш» учун рақамларни «чизиб ўтиргандек» тасаввур уйғонади.