Англия чемпионати. Премьер-лига. 3-тур
«Манчестер Сити» — «Лестер» – 2:5 (1:1)
Голлар: Маҳрез, 4 (1:0). Варди, 37 – пенальтидан (1:1). Варди, 54 (1:2). Варди, 58 – пенальтидан (1:3). Мэддисон, 77 (1:4). Аке, 84 (2:4). Тилеманс, 88 – пенальтидан (2:5).
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Фернандинью (Делап, 51), Уокер, Аке, Бенж.Менди, Гарсия, Де Брейне, Эрнандес, Фоуден (Торрес, 64), Стерлинг, Маҳрез.
«Лестер»: Шмайхель, Эванс (Фукс, 80), Чағлар Суюнчи, Кастань, Жастин, Н.Менди, Прат (Мэддисон, 69), Тилеманс, Амарти, Барнс, Варди (Ихеаначо, 85).
Огоҳлантиришлар: Тилеманс, 22. Чағлар Суюнчи 47. Амарти, 51. Аке, 60.
Ҳакам: Оливер. 27 сентябрь. Манчестер. «Этиҳад» стадиони.

Пепнинг шикоятлари
Ўйиндан олдин Пеп Гвардиола номи янгиликларда тинмай айланди, у турнир тақвимини кескин танқид қилганди: «Футболчиларда мавсумга тайёргарлик кўриш учун икки ҳафта бўлди, энди улар 11 ой мобайнида ҳар уч кунда ўйнашлари керак. Футболчилар тўғрисида ҳеч ким қайғурмаяпти. Барча фақат ўз бизнесини ҳимоя қилмоқда. Бизда терма жамоаларидан жароҳат билан қайтган уч футболчи бор. Футболчилар – роботлар эмас». Эътиборли жиҳати, «Манчестер Сити»нинг биринчи тур ўйини кечиктирилган ва жамоа фақат иккинчи турдан чемпионатни бошлаганди. Аммо Гвардиолани бу қаноатлантирмаган, шу туфайли футбол раҳбарлари каталониялик мутахассисдан аччиқ сўзлар эшитиб олишди.

Чиндан ҳам «Сити»да таркиб билан боғлиқ муаммолар талайгина: Агуэро, Бернарду Силва, Жоау Канселу, Зинченко ва Габриэл Жезус жароҳат туфайли, Гундўған эса коронавирусга чалингани сабаб майдонга туша олмади. Аммо шунда ҳам Англия вице-чемпионларида жанговар таркиб бор эди ва бу таркиб 2:5 ҳисобида мағлуб бўлиши кутилмаган ҳол бўлди.

Пепнинг безовталиги
«Сити»да форвардларнинг жароҳатлари туфайли ҳужум марказида Раҳим Стерлинг ўйнади. «Шаҳарликлар» ўйинни ҳужум билан бошлашди ва 4-дақиқадаёқ Риёз Маҳрез кучли зарба билан тўпни Шмейхел қўриқлаётган дарвозанинг олис бурчагига жойлаб, ҳисобни очди. Бу вазиятда дарвозабонда айб йўқ эди, жамоа ҳимоячилари собиқ жамоадошларини жарима майдони ичида ёлғиз қолдиришганди.