Республиканинг баъзи мактабларида гeография ва тарих дарсларида бор-йўғи битта харитадан фойдаланилади. Баъзан география дарсида фойдаланилаётган харита дарсни бўлиб, тарих фани учун олиб кетиб қолиниши ёки бунинг акси бўладиган ҳолатлар ҳам учраб туради.

Катта масштабдаги хариталарнинг танқислиги масаласини ўрганиб, ўзи бундай турдаги хаританинг дарс давомида ўқувчи учун аҳамияти қандайлиги ҳақида «Мактабда география» журнали бош муҳаррири Ойбек Aбдимуротовга мурожаат қилдик.

«География дарсларида катта масштабли хариталар жуда муҳим аҳамият касб этади. Кичик масштабли хариталарда географик объектлар кам бўлиб, уларнинг майдони, шакли ва ўлчамларида хатоликлар кўп бўлади. Катта масштабли хариталарда эса географик объектлар кўпроқ бўлиб, уларнинг майдони, шакли ва ўлчамлари кам хатолик билан тасвирланади.

Шунингдек, бундай хариталарда майда масштабли хариталарга қараганда нисбатан кичик ҳудудларни ҳам тасвирлаш имконияти юқори. Бу эса ўқувчиларда ўзи яшайдиган вилоят, туман, шаҳар ва ҳатто маҳалла ёки қишлоғининг географик ўрни ва бошқа хусусиятлари ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилиш имконини беради», – деди Ойбек Aбдимуротов.

Бош муҳаррирга кўра, география фанига доир билимларни яхши ўзлаштиришда ўқув атласлари ва ёзувсиз хариталар билан ишлашнинг амалий аҳамияти катта. Чунки ўқув атласларида дарсликдаги ҳар бир мавзуга тааллуқли хариталар тизимли равишда жамланган. Ўқувчилар ушбу хариталар билан ишлаш орқали табиат ва жамиятда содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларни географик макон билан боғлиқлигини тушуниб, дарслик матнидан олган назарий билимларини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўладилар.

Aтласлар ва ёзувсиз харита билан ишлаганда ўқувчилар нафақат ўқиб, балки воқеа ва ҳодисаларни ўзгариш холатини кўз билан кўриб, қўл билан бажарганларида кўпроқ англаб етадилар.

Мактаблар харита ва атласлар билан қай даражада таъминланган?

Мактаб ўқувчиларининг харита ва атласлар билан таъминланганлик даражасини билиш мақсадида республиканинг турли вилоятларидаги ўқитувчилар билан боғланиб кўрдик. Уларнинг аксарияти харита ва атласларнинг камлигини маълум қилишди. Ўқитувчиларга кўра, битта синфда саноқли ўқувчиларгина атлас ва ёзувсиз хариталардан фойдаланишади.

Устозларнинг таъкидлашича, бунга сабаб – атлас ва ёзувсиз хариталар нархининг баландлигидир. Уларнинг кўпчилиги катта масштабли табиий, сиёсий ва иқтисодий хариталарнинг жуда камлиги ёки умуман йўқлигини ҳам таъкидлашди.