Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Хитой ҳукумати томонидан БМТ котибияти билан ҳамкорликда ташкил этилган «Камбағалликни қисқартириш юзасидан ҳамкорликни кенгайтириш» мавзусида юқори даражадаги халқаро видеоконференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, конференцияда Хитой ташқи ишлар вазири Ван И, БМТ бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад, БМТ бош котиби ўринбосари Лю Чженмин ҳамда Миср, Қозоғистон, Перу, Филиппин, Жанубий Африка ва бошқа ривожланаётган мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирлари иштирок этди.

Ривожланиш бўйича халқаро ҳамкорлик кун тартибида, қашшоқликни ҳар қандай шаклда йўқ қилишга устувор аҳамият бераётгани, ривожланаётган мамлакатларга, энг кам ривожланган мамлакатларга, хусусан пандемия оқибатларини бартараф этиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров ўз нутқида камбағалликни қисқартириш президент томонидан белгиланган устувор вазифа эканлигини таъкидлади. Ушбу муаммонинг аҳамияти Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурган таклифларида, шунингдек, қашшоқликни йўқ қилиш ва камбағалликни қисқартириш БМТ Бош ассамблеясининг яқинлашиб келаётган сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилашда ва ушбу масалаларга бағишланган Глобал саммитни ўтказишда ўз аксини топгани қайд этилди.

Ўзбекистоннинг узоқ муддатли стратегик мақсади барқарор ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш, аҳоли жон бошига даромадларни ошириш, камбағаллик даражасини кескин камайтириш эканлиги таъкидланди.

Ушбу мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон бозор иқтисодиётини мустаҳкамлаш ҳамда либераллаштириш бўйича таркибий ислоҳотларга эътибор қаратмоқда.

Ўзбекистон делегацияси нутқида камбағалликни қисқартириш соҳасида глобал ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги, шунингдек, ушбу мамлакатнинг қашшоқликка қарши курашиш бўйича Хитойнинг муваффақиятли тажрибаси ролини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Делегациялар раҳбарлари халқаро ривожланиш бўйича шериклик алоқаларини кенгайтириш, «Бир макон - бир йўл» ташаббусини ва БМТнинг 2030 йилгача барқарор ривожланиш кун тартибини амалга оширишга ҳисса қўшадиган бошқа минтақавий ва халқаро ҳамкорлик ташаббусларини қабул қилишнинг муҳимлиги тўғрисида келишиб олдилар.