«Биз бу можарони тинч йўл билан ҳал қилиш устида кўп ишладик. Энди биз бу муаммони тубдан ҳал қилишни хоҳлаймиз», деди сешанба куни Озарбойжоннинг Анқарадаги элчихонасига ташриф буюрган Туркия ТИВ раҳбари Мавлуд Човушўғли.

Човушўғлига ҳамроҳлик қилган ҳукуматдаги партия раиси ўринбосари Нуман Куртулмуш «Туркия Озарбойжонга қилинган ҳужумни ўзига ҳужум ўлароқ қабул қилиши»ни қўшимча қилди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Туркия ТИВ баёнотига муносабат билдириб, «оловга ёғ қуймасликка» чақирди. «Биз барча мамлакатларни, айниқса, Туркия каби шерик давлатларни уришаётган томонларни ўт очишдан тўхтатиш ва бу узоқ йиллик можарони сиёсий ва дипломатик восита орқали тинч йўл билан ҳал қилишга қайтиш учун барча имкониятларни ишга солишга чақирамиз», деди у.

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғандан бошлаб барча турк расмийлари 27 сентябрь кунидан Озарбойжонни қўллаб-қувватлашмоқда ва бу давлатга барча воситалар билан ёрдам беришга тайёрликларини айтишмоқда.

Озарбойжоннинг расмий версиясига кўра, Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни бу сафар арманлар бошлашган. Арманистонликлар эса Озарбойжон олдиндан тайёрланган ҳолда ҳужум бошлаганини айтмоқда.

Томонларнинг фронтдаги сўнгги ҳаракатлари тўғрисида маълумотлар жуда кам ва борларининг ҳам аниқлигини текшириш имконсиз бўлиб қолмоқда. Айтиш мумкинки, сешанба куни ҳам фронт чизиғида сезиларли ўзгаришлар рўй бермаган.

Сешанба куни давомида икки томон ҳам ҳужум бошлангани ёки ҳужум бошлашга ҳаракат бўлгани ҳақида хабар тарқатди - Озарбойжон армияси жанубда, Эрон билан чегаралар яқинидаги Фузулий йўналишида ҳаракатланган.

Расмий Ереван сешанба куни рақиб энди Қорабоғ ҳудудида эмас, Арманистон ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар бошлагани, авиация кучлари амалиёти вақтида туркларнинг F-16 русумли қирувчи самолёти арманларнинг Су-25 самолёти томонидан уриб туширилгани ҳақида хабар берди.

Арманистон мудофаа вазирлиги талқинига кўра воқеалар қуйидагича ривожланган: Озарбойжон ҳарбий-ҳаво кучлари сешанба тонгида Арманистон ҳудудидаги Варденис шаҳарчасига зарба беришни бошлаган, натижада қуруқликда бир киши ҳалок бўлган; бу ҳужумга жавоб қайтариш учун арман самолётлари ҳавога кўтарилган; Озарбойжоннинг Ганжа шаҳридаги аэродромидан эса туркларнинг F-16 русумли ҳарбий самолётлари ҳарбий ҳаракатларга қўшилган, улардан бири ҳали Озарбойжон ҳаво кенгликларида эканида бир неча километр масофадан туриб арман ракетаси томонидан уриб туширилган, учувчи ҳалок бўлган.