Жамият | 15:42 / 02.10.2020
65397
2 дақиқада ўқилади

Наманганда мажбурий ижро вақтида ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлган аёл воқеаси бўйича жиноят иши қўзғатилди

Kun.uz'нинг аниқлашича, МИБ аёлни уйидан кўчириб чиқаришдан ташқари, унинг фойдасига фирибгардан 13 минг доллар ундириши ҳам керак бўлган, лекин мазкур ижро ҳужжати талаби ҳозиргача таъминланмаган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Наманган шаҳрида мажбурий ижро вақтида ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлган аёл воқеаси бўйича жиноят иши очилди.

Наманган шаҳар прокуратураси терговчиси Музаффар Исмоиловнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси ЖКнинг 103-моддаси 1-қисми (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноий иш қўзғатган.

35 ёшли аёл 29 сентябрь куни шаҳарнинг «Истиқбол» МФЙ Боғи Эрам кўчаси 34-уйдан уни мажбуран чиқаришга келган МИБ ходимларига норозилик сифатида, уларнинг олдида устига бензин сепиб, ўзини ёқиб юборган, натижада танасининг 80 фоиздан ортиқ куйиш жароҳати билан 30 сентябрь куни РШТЁИМ Наманган филиалида вафот этган эди.

Марҳума аёл фирибгарлик қурбони бўлган – унинг онасига уйни 13 минг долларга алдаб сотган аёлга озодликни чеклаш жазоси қўлланган, уйнинг асл эгаси эса мулк ўзига қайтарилиши учун судга мурожаат қилган.

Ҳолат юзасидан Kun.uz ўз суриштирувларини бошлади. Аниқланган дастлабки маълумотларга кўра, Мажбурий ижро бюросининг Наманган шаҳар бўлими иш юритувида ундирувчи – марҳуманинг онаси Муҳаббат Дедебоеванинг фойдасига қарздор Н.Ф.дан 13 000 АҚШ долларига тенг 131 991 470 сўмни ундириш тўғрисида ижро ҳужжати мавжуд бўлган. Аммо мазкур ижро ҳужжати ижроси бугунга қадар таъминланмаган.

Ҳолат юзасидан журналистик суриштирувлар давом эттирилади.

Мавзуга оид