3 октябрь куни Андижон вилояти Марҳамат тумани Кенгашининг навбатдаги 6-чақириқ IX сессияси бўлиб ўтди. Kun.uz мухбири хабар беришича, сессияда тўртта сектор раҳбарлари томонидан туман ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича йўл қўйилган камчиликлар туфайли «қониқарсиз» даражага тушиб қолиши юзасидан изоҳ берилди. Шунингдек, келгусида амалга ошириладиган ишлар хусусида қабул қилинган туман «йўл харитаси» асосида камчиликлар бартараф этилиши таъкидланди.

2019 йил якунлари бўйича туманнинг «қониқарсиз» даражага тушиб қолишига қуйидаги омиллар сабаб бўлгани билдирилди:
- туманнинг «қониқарсиз» ҳудудга киритилишига асосий омиллар баҳолаш мезонининг 6 устувор йўналишларидан 5таси, яъни иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик кўрсаткичлари 1,46 балл, меҳнат бозорининг самарадорлиги 3,56 балл, иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ва диверсификацияси кўрсаткичлари 0,96 балл, ишбилармонлик муҳити ва тадбиркорликни ривожлантириш сифати кўрсаткичлари 3,50 балл, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқаролар билан ишлаш самарадорлиги ҳамда маълумотларнинг очиқлиги кўрсаткичлари 2,17 баллни ташкил этгани энг қуйи ўринларни эгаллагани сабаб бўлган;
- 2019 йил якунларига кўра туманда аҳоли жон бошига ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1 млн 200 минг сўмни ташкил этган ва бу вилоят кўрсаткичидан 1,4 марта кам бўлган;
- фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари таркибида 3 йилдан ортиқ фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик суъбектларининг 50 фоизини ташкил этган ёки 50 фоизининг фаолияти тўхтатилган;
- туманда аҳоли бандлиги даражаси 87 фоизни, хотин-қизлар бандлиги даражаси эса 80 фоизни ташкил этади;
- аҳоли жон бошига ишлаб чиқарилган истеъмол товарлари ҳажми бўйича 13-ўринга тушиб қолган;
- рўйхатдан ўтган 1317та тадбиркорлик субъектларининг 89таси фаолият юритмаган;
- виртуал қабулхонага 2518та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 70 фоизи, яъни 1763таси қаноатлантирилган.

Сессия давомида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш бўйича сектор раҳбарларининг ҳисоботи тингланди. Туман ички ишлар бўлими бошлиғи, 3-сектор раҳбари Жамшидбек Қосимов ва туман прокурори Хурсанали Рапиқов режа қилинаётган ишлар бўйича ўз ҳисоботлари билан таништиришди.

















