Таҳририятга келиб тушган мурожаатни ўрганиш, томонларни эшитиш ва ҳужжатлар билан танишиш мақсадида уйлар жойлашган манзилда бўлдик.

«Кўп қаватли уйлар орасида қурилиш бўлишига қаршимиз»

Маълум бўлишича, «Балиқ савдо» МЧЖнинг Чилонзор тумани 10-мавзе ТХAЙ кўчасида жойлашган омборхона биносининг бузилиши эвазига компенсация тариқасида Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан «2-Чархи Комолон» маҳалласи Муқимий кўчасида жойлашган 144-148 уйлар оралиғидаги 6 сотихли ер майдони ажратиб берилган.

МЧЖ ўзига ажратилган ерга офис ва омборхона қуришни режалаштириб, ўз ерини ўраб олиш ишларини бошлаган. Бироқ ушбу ердаги кўп қаватли уйлар аҳли бундан норози бўлишмоқда.

«Биз 144-148 уйларда яшовчи фуқаролар бу ерга қурилиш бўлишига қаршимиз. Фарзандларимиз ўйнайдиган жойда қурилиш қилиши, дарахтларни кесиб ташлаши мумкин эмас-ку! Тадбиркор аҳолининг розилигини олгани йўқ. Биз қаршимиз. Ҳеч қандай қурилиш бўлмасин. Чунки бизнинг уйларга жуда яқин масофада қурилмоқда.

Қуришни бошлаш учун ҳужжатларни кўрсатинглар, десак, Тошкент шаҳар ҳокимининг қароридан бошқа нарсани кўрсатишгани йўқ. Тасдиқланмаган бош планни олиб кўрсатишди. У ҳам нотўғри. Бу ерга омборхона ва офис қуриладиган бўлса, фарзандларимиз қаерда ўйнашади, ўзимиз қаерда тоза ҳаводан нафас оламиз? Ўзимизнинг тадбиркор болалар майдончаси, автотураргоҳ қуриб бермоқчи. Қурилиш учун аввал аҳолининг розилиги олиниши керак эмасми?!» – дейди норози бўлиб йиғилган фуқаролардан бири.

«Дарахтларни сақлаш, автотураргоҳ ташкил этиш ва аҳоли розилигини олиш шарт» — Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси

Фуқаролар Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасига ҳам ушбу масала бўйича мурожаат қилишган. Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича Aрхитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг 2020 йил августдаги хулосасига кўра, офис ва омборхона биноларини қуриш лойиҳаси турар жой бинолари билан оралиқ масофаларни ва мавжуд кўп йиллик дарахтларни сақлаш ҳамда автотураргоҳ ташкил этиш, аҳоли розилигини олиш шарти билан лойиҳа ишларини давом эттиришга келишилган. Лекин агарда қурилиш бошланадиган бўлса, кўп йиллик дарахтлар кесилишига тўғри келади.