Жаҳон | 00:33 / 05.10.2020
34897
9 дақиқада ўқилади

Трампни стероидлар билан даволай бошлашди. Бу оғир аҳволдаги беморларга берилади

Якшанба куни АҚШ президенти Дональд Трамп қандай даволанаётгани тафсилотлари маълум бўлди. Президентнинг даволовчи шифокори Шон Конли Трампга дексаметазон стероиди тайинлангани ҳақида хабар қилди. Бу дори одатда касалликнинг оғир шаклини бошдан кечираётган беморларга уларнинг нафас олишида муаммо бўлмаслиги учун берилади.

Фото: Reuters

Дексаметазон президентга шунинг учун тайинланганки, сўнгги кун давомида унинг қонида кислород даражаси икки марта кескин пасайиб кетган.

Доктор Конли Трампга қўшимча кислород қабул қилиш тавсия этилганини айтиб ўтган.

Конлининг сўзларига кўра, президент душанба куниёқ шифохонадан чиқарилиши, у даволанишни Оқ уйда давом эттириши режалаштирилмоқда.

  • Дексаметазон – ўтган асрнинг 60 йилларидан бери яллиғланишга қарши восита сифатида фойдаланиб келинадиган стероид. У онкологияда ҳам қўлланади. Ушбу дори воситасининг ижобий таъсири фақат касалликнинг оғир босқичида бўлган беморларда кузатилган.

Трампнинг касаллиги ҳақида асосий маълумотлар

  • Шанба куни Трампнинг шифокори президентнинг ҳолати ҳақида «эҳтиёткорона оптимизм» билан фикр билдирганди. У беморнинг хавф остида эмаслигини таъкидлаганди.
  • Бу баёнот ортидан касалхона ва Оқ уйдан Трампнинг қачон касаллангани санасини чалкаштириб юборувчи турлича маълумотлар тарқалди.
  • Трампни даволовчи шифокорнинг сўзлари шанба куни президент маъмурияти раҳбари Марк Мэдоуз айтган сўзлар билан мос эмасди. Медоуз Трампнинг сўнгги 24 соатдаги ҳолати  «катта хавотир туғдиргани», кейинги 48 соат ҳал қилувчи палла бўлиши ҳақида гапирди. У президентга ташхис қўйилганидан кейин унинг аҳволи кескин ёмонлашгани, ҳарорати кўтарилиб, қондаги кислород миқдори кескин тушиб кетгани ҳақида қўшимча қилди.
  • Якшанба куни Трамп видеомурожаат қилиб, ўзини нисбатан яхшироқ ҳис қилаётгани ҳақида гапирди.

Трамп қандай тадбирларни ўтказиб юборади?
АҚШдаги қоидаларга кўра, Трамп 14 кун давомида карантин режимига ўтиши керак, шунинг учун у 15 октябрь куни Демократик партиядан президентликка номзод Жо Байден билан теледебатда иштирок эта олмаслиги мумкин.

Олдинда эса унинг икки ҳафта ичида ўтказилиши режалаштирилган учта митинги бор.

Трамп президентлик вазифаларини бажара олмайдиган даражада касал бўлиб қолса, нима бўлади?
АҚШ конституциясининг 25-моддасига биноан, президент бу ҳолатда ўз вазифаларини вице-президентга топширади. Бу эса Майк Пенс ушбу вазифани бажаришини англатади. Трамп тузалиб кетгач, у яна ўз ўрнига қайтади.

Фото: Getty Images

Худди шунга ўхшаш вазият Рональд Рейган ва Жорж Буш маъмурияти даврида ҳам содир бўлган.

Агар президент бундай қарорни ҳам қабул қила олмайдиган даражада ўта оғир аҳволда бўлса, ҳукумат ва вице-президент ҳам ушбу қарорни қабул қилиши мумкин.

Пенс ҳам коронавирусга чалиниб, президентлик вазифасини бажара олмай қолса, АҚШ Вакиллар Палатасининг Демократик партияси раиси Нэнси Пелоси президент вазифасини бажаради.

Бироқ бундай ҳолда ҳуқуқий низолар юзага келиши ҳам мумкин.

Washington Post газетасининг май ойида чоп этилган ҳисоботида айтилишича, агар Пелоси ушбу лавозимни эгаллашни истамаса ёки ўз зиммасига ололмаса, Сенатнинг вице-президенти, сенатда иккинчи ваколатли шахс бўлмиш республикачи сенатор Чарлз Эрнест Грассли ушбу лавозимни эгаллаши мумкин.

Агар Трамп сайловларда қатнаша олмайдиган даражада касал бўлса-чи?
Пенс президентлик вазифаларини бажарса-да, бу ҳолат Республикачилар партияси томонидан унинг номзоди қабул қилинишини англатмайди.

Партия қоидаларига кўра, Республикачилар миллий қўмитаси янги номзодни танлаш учун йиғилади. Бу эса ушбу қўмитанинг 168 иштирокчисининг бир қатор овоз бериш жараёнларига киришишини англатади.

Пенс номзоди илгари сурилиши эҳтимоли катта бўлса-да, у янги вице-президентликка номзод билан курашишига тўғри келади.

Айни кунга қадар Демократлар ёки Республикачилар партияси расман ўз номзодларини сайлагач, бу борада ўзгариш қилмаган.

Сайловни кечиктириш мумкинми?
Сайловни кейинга қолдириш президент қабул қилиши мумкин бўлган қарор эмас, Конгресс аъзоларининг аксарияти шу йўналишда овоз беришлари керак.

Демократлар назорати остидаги Вакиллар Палатасида бундай қарор қабул қилиниши даргумон, яъни бу танланиши мумкин бўлган вариант сифатида кўрилмайди.

Қонунга кўра, АҚШ президентлик сайловлари ҳар тўрт йилда бир марта, ноябрь ойининг илк душанбасидан кейинги сешанба куни бўлиб ўтади. Бу эса 2020 йил 3 ноябрь санасига тўғри келади.

Ушбу қонун ўзгарган тақдирда ҳам, конституцияга кўра, бир президент ўз лавозимида тўрт йилгина ўтириши мумкин. Бу эса 2021 йил 20 январда Трампнинг президентлик муддати тугашини англатади.

Буни ўзгартириш учун эса конституцияга ўзгартириш киритиш лозим. Бунинг учун эса депутатларнинг учдан икки қисми, бошқача айтганда, АҚШ штатларининг тўртдан уч қисми ёқлаб овоз бериши лозим. Бу эса ҳозирги вазиятда амалга ошадиган эҳтимолга ўхшамаяпти.

«Пандемиянинг охири кўриниб қолди»
BBC’нинг Оқ уйдаги корреспонденти Тара Маккелви

Кўп ойлар давомида Дональд Трамп ва унинг атрофидагилар ҳеч қачон тиббий ниқоб тақишмади ва худди ҳеч қандай пандемия йўқдек ҳаракат қилишди. Кейин президентга ташхис қўйилди ва Трампнинг тарафдорлари дунёси кескин ўзгарди.

Жума куни президент твиттери орқали коронавирусга чалингач Оқ уйда бесаранжомлик бошланди.

Президентнинг ёрдамчилари ва Оқ уй ходимлари зўр бериб тартибни сақлаб қолишга уринишди, аммо умумий муҳит кўпроқ хаосга ўхшаб кетмоқда. Хавотирланиш, ҳайқириқ ва бироз йиғи ҳам бўлди.

Президент ўтган вақт давомида АҚШ соғлиқни сақлаш соҳасидаги вазият ҳақида оптимизм билан гапириб келди - худди у шу йўл билан пандемияни енгмоқчидек эди. Америкада 200 мингдан ортиқ киши коронавирусдан вафот этди, аммо Трамп яқиндагина вазият назорат остида эканини айтганди.

Хайрия тадбирлари учун олдиндан тайёрлаб қўйилган ва пайшанба куни эълон қилинган мурожаатида у «пандемия якуни яқинлиги» ҳақида гапиради. Шу ҳафта бошида президентлик дебатида эса у демократлар номзоди Жо Байденни ҳамиша ниқоб тақиб юргани учун мазах қилганди.

Президентнинг вирус ҳақидаги гаплари кўплаб америкаликларни ғазаблантириб келади. Сўнгги вақтларда унинг ёрдамчилари ва маслаҳатчилари ҳам вирус ҳақидаги баёнотларида эҳтиётсизлик қила бошлашди. Улар худди коронавирусдан холи дунёда яшаётгандек эди. Оқ уйда ниқоб тақувчилар жуда кам эди, ҳеч ким тушлик вақтида ижтимоий масофа сақлашга риоя этмасди. Улар президент қароргоҳидаги хиёбонда ўтказиладиган маросимларга юзлаб меҳмонларни таклиф этишарди.

Президент маъмурияти президент билан кўришадиганларни тезкор Covid-19 дан ўтказишларини айтишади. Аммо экспертлар тезкор тестларнинг ишончлилигига шубҳа билдиришган ва бу амалдорларда хавфсизлик ҳақида ёлғон таассурот уйғотишини айтишган.

Энди президент касалланди, унинг ёрдамчилари офисларига бостириб келган ҳақиқий хавф қаршисида қолишди.

Мен президентнинг баёнотлари унинг тарафдорларига қандай таъсир қилиши ва улар соғлиқни сақлаш соҳасидаги вазиятни қандай ўнглаётганидан ҳайратланишини биламан («Усиз яна миллионлаб кишилар ҳалок бўларди», деган унинг тарафдорларидан бири).

Аммо президентнинг ўзи касалланиши барча тасаввурларни йўққа чиқарди.

Дуолар ва митинглар
Дональд Трампнинг тарафдорлари шанба куни кечқурун шиорлар ёзилган плакатлар ва гуллар билан АҚШ президенти ётқизилган Миллий ҳарбий-тиббий марказ деворлари олдида йиғила бошлади.

Бутун мамлакат бўйлаб шу каби акциялар ўтказилди.

Трампнинг касалланиши унинг сайловолди кампанияси тақвимига ўзгартириш киритди. Трамп қайта сайланишига умид қилаётган президентлик сайловлари 3 ноябрь кунига белгиланган.

Шифохона атрофида тўпланган Трамп тарафдорлари унинг соғлиги учун дуо қилишмоқда.

Трампнинг тарафдорлари ўз акцияларини ўтказишга ҳаракат қилишди.

Шанба куни республикачилар бутун мамлакат бўйлаб президентни қўллаб-қувватловчи сўзлар билан кўчаларга чиқишди. Калифорнияда «Трамп учун» автоколоннаси ташкил этилди. 

Бошқа штатларда, масалан, Флоридадаги Форт-Лодердейлда катерлар эгалари ҳам ўзига хос колонна ҳосил қилишди.

Қўллаб-қувватлов акцияси Нью-Йоркдаги Стейтен-Айленд туманида ҳам ўтказилди.

Мавзуга оид