Миришкор туманига янги ҳоким тайинланди
Қашқадарё вилояти Қамаши тумани ҳокими Шерали Санаев вилоятнинг бошқа тумани раҳбарлигига ўтказилди.
7 октябрь куни Халқ депутатлар Миришкор тумани кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.
Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев иштирокида ўтказилган сессияда ташкилий масала кўрилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, Қамаши тумани ҳокими сифатида ишлаб келган Шерали Чориевич Санаев Миришкор туманининг янги ҳокими этиб тасдиқланган.
Шерали Санаев 2013-2016 йилларда Миришкор туманида прокурор лавозимида фаолият кўрсатган, 2017-2018 йилларда Тошкент вилояти Бекобод туманида прокурор бўлган, 2018 йил декабрида Қамаши тумани ҳокими лавозимига тайинланганди.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг сентябрида президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Қамаши тумани натижалари алоҳида эътироф этилган, туманда сўнгги уч йилда 802та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, ишламаётган 132та корхона қайта тиклангани, экспорт ҳажми ўтган йилгига нисбатан 1,5 баробар ошгани қайд этилганди.
Маълумот учун, Миришкор туманига сўнгги 3,5 йил ичида тўртинчи марта янги раҳбар келмоқда. 2017 йил мартидан буён ушбу туманга раҳбарлик қилган Равшан Комилов 2019 йил октябрида ишдан олинган (у бир неча марта интернетда қаҳрамонга айланган, хусусан, маккажўхори даласидан кекса ёшли одамни набираси олдида ҳақоратлаши танқидларга сабаб бўлганди). Ундан кейин туман раҳбарлигига Бахтиёр Ражабов келган, у ҳам ўз қўли остидагиларни турли сўзлар билан ҳақоратлагани акс этган аудиоёзувлар тарқалгач интернетда машҳур бўлганди. 2020 йил мартида Ражабов ишдан олиниб, унинг ўрнини Ғайрат Бегалиев эгаллаганди, аммо бу ҳоким шу йилнинг сентябрида коронавирусдан зарарланиш оқибатида вафот этди.