Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида аграр соҳа тараққиётининг муҳим устувор йўналишлари белгиланган бўлиб, уларни ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқий, иқтисодий, ишлаб чиқариш муносабатларини ислоҳ қилиш билан бирга инсон ресурсларини ривожлантириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зеро, ҳар бир ривожланиш стратегияси замонавий фикрлайдиган, дунёқараши кенг, янгиликка мослашувчан, доимий равишда ўз устида ишлайдиган, ташаббускор ҳамда фидойи ходимлар томонидан амалга оширилади.
Ушбу мақсадларга эришиш учун профессионал кадрлар таркибини шакллантиришда танлов жараёнларини такомиллаштириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, меритократия тамойилларига асосланган ҳолда муносиб ва қобилиятли шахсларни ишга қабул қилиш ҳамда хизмат поғоналари бўйича кўтариш — кадрлар сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Мазкур йўналиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги илк маротаба марказий аппаратда мавжуд бўлган вакант лавозимни энг муносиб номзодлар билан тўлдириш мақсадида очиқ мустақил танлов жараёнларини ўтказди.
Танлов инсон омилини камайтириш имкониятини тақдим этувчи Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz орқали ўтказилди.
Очиқ танлов бир неча босқичлардан иборат бўлиб, вакант лавозимларга 405 та номзоднинг аризалари электрон тарзда қабул қилинди. Танловнинг кейинги босқичларида номзодлар маълумотлари Вазирлик томонидан белгиланган малака талаблари асосида сараланиб, уларнинг ахборот технологияларини ўзлаштириш даражаси, шунингдек, соҳа бўйича билим ва малакалари тест синовлари ҳамда суҳбат ўтказиш орқали баҳоланди. Танловда соҳага оид илмий даражага эга, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштирган, етарли билим ва кўникмага эга бўлган малакали мутахассислар ҳамда иқтидорли ёш кадрлар танлаб олинди.
Танлов натижаларига асосан 10 нафар муносиб номзодларни Вазирлик марказий аппаратига ишга қабул қилиш бўйича Комиссия хулосаси қабул қилинди.

Ҳозирда Вазирлик томонидан замонавий HR услубларни амалиётда қўллаш, танлов жараёнларининг сифатини ошириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлашни янада такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.
















