Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2020-2025 йилларга халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси ва 2020-2021 йилларда уни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»;
- алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар таълимини 2025 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари).
Концепция икки босқичда амалга оширилади.
2021/2022 ўқув йилида:
- тажриба-синов тариқасида шаҳарларда ҳамда Тошкент шаҳрининг туманларида жойлашган биттадан умумтаълим мактабларида инклюзив таълим тизими жорий қилинади;
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган биттадан умумтаълим мактабида алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун бошланғич таянч коррекцион синфлар очилади;
- Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида жойлашган биттадан касб-ҳунар мактабида ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган гуруҳлар ташкил этилади.
Инклюзив таълим тизимини жорий этиш бўйича ижобий тажриба республиканинг бошқа ҳудудларига босқичма-босқич татбиқ этилади.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:
- ихтисослаштирилган таълим муассасаларида мажбурий умумий ўрта таълимни 11 йиллик (интеллектуал ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар учун (ёрдамчи) мактаблар, мактаб-интернатларда 9 йиллик) муддатда амалга оширилади;
- ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг 10-11-синф (интеллектуал ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар учун (ёрдамчи) мактаблар, мактаб-интернатларда 8-9-синф) ўқувчиларини касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг қисқартирилаётган ўқув соатлари доирасида касб ўқитиш курслари ташкил этилади.
Касбга ўқитиш курсларини ташкил этишда методик ёрдам кўрсатиш, ўқув жараёнини самарали олиб бориш ва малакали профессор-ўқитувчиларни жалб этиш учун профессионал таълим муассасалари ҳамда «Ишга марҳамат» мономарказлари ихтисослаштирилган таълим муассасаларига бириктирилади.















