Очиқ хатда айтилишича, 2018 йилда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига биноан «Мультипликацион фильмлар студияси» барпо этилди. Ўзбекистон халқ артисти Обид Асомов студиянинг биринчи директори этиб тайинланганди.
«Унинг раҳбарлиги остида студия жадал ривожлана бошлади. Обид Асомов нафақат ажойиб санъаткор, балки миллий анимация ва унинг ишчилари тақдири билан шуғулланган ақлли ва истеъдодли раҳбар эди. Унинг раҳбарлиги остида ўсиб келаётган авлод учун ватанга муҳаббат ва инсонийлик туйғуларини шакллантирадиган болалар фильмлари яратилди. Ёш аниматорлар, рассомлар ва режиссёрларни тайёрлаш учун ўқув курслари ташкил этилди.
Аммо, афсуски, буларнинг барчаси Обид Асомовнинг бевақт оламдан ўтиши ва «Ўзбеккино» Миллий агентлигининг ҳозирги бош директори этиб тайинланган Фирдавс Абдуҳолиқов келиши билан барбод бўлди.
Ўзининг раҳбарлиги даврида бу инсон илғор ислоҳотлар ниқоби остида йиллар давомида яратилган ўзбек анимацияси пойдеворни барбод қилишга эришди.
Аввалига, бу инсон студиямизни тарқатиб юборишини ва уни «Ўзбекфильм» концернининг мультцехига айлантиришини айтди. Ундан кейин «Футурист» хусусий корхонасининг эгаси Бекзод Саломовни «Мультипликацион фильмлар студиясига» директор этиб тайинлади.
Шундан сўнг Бекзод Саломов дарҳол асос ва сабабсиз студиянинг барча ижодий гуруҳини ишдан бўшатди, бу меҳнат қонунчилигини қўпол равишда бузиш ва юридик нуқтаи назардан ноқонуний ҳисобланади. Аммо бизнинг норозилигимиз ва суд таҳдидидан кейин мультстудия директори ҳаммани ўз иш ўринларига қайтаришга мажбур бўлди», - дейилади очиқ хатда.
Хатда айтилишича, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директори буйруғи билан «Миллий қаҳрамон» ҳақидаги сценарий учун 50 000 000 сўмлик катта мукофот ваъда қилинган танлов ўтказилган.
«Бу танловнинг на режаси, на ташкилий ишлари мавжуд эди. Шунинг учун танлов билан боғлиқ барча ташкилий ишлар мультстудиямизга юклатилди. Натижада, ишлаб чиқариш ортга сурилди, танлов эса иштирокчиларнинг тажрибаси етишмовчилиги сабабли муваффақиятсизликка учради.
Интернетда Ўзбекистон билан Россия ҳамкорлигида «Хўжа Насриддин» ҳақидаги анимацион фильмни ишлаб чиқариш ҳақида тантанали равишда хабар берилди, бу лойиҳа ҳам бошланмасдан тугади.
Аммо энг муҳими шундаки, 2020 йилда давлат студиясида биронта ҳам анимацион фильм ишга туширилгани йўқ, гарчи биз Ватанимиз тарихи ва унинг қаҳрамонлари ҳақида кўп яхши сценарийларни «Ўзбеккино»га тақдим этгандик.

















