Сурхондарёлик Ринат Юсуповнинг хабар беришича, Абхазияда айни пайтда икки мингга яқин Ўзбекистон фуқароси мавжуд. Улар бу ерга Россия орқали ишлашга келишган. Пандемия туфайли чегаралар ёпилгач, Ўзбекистон фуқаролари шу ерда қолиб кетишган ва умид билан карантин чекловлари бекор қилинишини кутишган.

Ўзбекистон Абхазияни мустақил давлат сифатида тан олмаган, шу боис бу ерда Ўзбекистон элчихонаси йўқ. Абхазия ҳудудида қолиб кетган ватандошлар Ростов ва Москва шаҳридаги элчихоналарга мурожаат қилишган.

«Бир неча ой давомида қилинган мурожаатларимизга тайинли жавоб бўлмади. Элчихонадагилар бизни роса сансолар қилишди. Биз бошқа давлатларда қолиб кетганлар сингари тўполон қилмадик, кетишимизни сабр билан кутдик. Давлат бизни бепул олиб кетсин демаяпмиз, чартер рейс учун қўлимизда пулларимиз бор. Фақат Абхазиядан Россия ҳудудига ўтиб олсак бўлди.

Қайта-қайта қилган мурожаатларимиздан сўнггина Ташқи ишлар вазирлиги октябрь ойининг бошида Абхазиядаги фуқароларнинг 400 нафари Ўзбекистонга олиб келинишини, қолганлар чегаралар очилгунча шу ерда қолишини маълум қилганди.

Энг аввал оғир аҳволдагилар – қариялар, беморлар, аёллар ва болалар олиб кетилсин – розимиз. Бироқ октябрь ойининг иккинчи ўн кунлиги якунланаётган бўлса ҳамки, баёнотда келтирилган ваъда бажарилмаяпти, додимизни кимга айтишни билмаяпмиз», – дейди фарғоналик Хосиятхон Отақўзиева.

Абхазияда қолаётган ватандошлар ватанга қайтишлари учун Россия ҳудудига ўтишлари керак. Бироқ айни пайтда Россия ўзининг ҳамда Абхазия фуқароларигагина давлат чегарасини кесиб ўтишга рухсат бермоқда. Бошқа давлат фуқаролари, жумладан, ўзбекистонликларнинг Россия чегарасини транзит мақсадида кесиб ўтишга рухсат берилмаяпти.

Сурхондарёлик Ринат Юсуповнинг таъкидлашича, Абхазияда қолиб кетганлар орасида Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон фуқаролари ҳам бўлган. Бироқ ушбу давлатларнинг элчихоналари аллақачон ўз фуқароларини олиб кетишган. Бироқ ўзбекистонликлар ҳамон аросатда қолмоқда.