Ўзбекистон | 16:15 / 21.10.2020
5662
3 дақиқада ўқилади

Жиззахда асоссиз равишда тадбиркорлик субъектларига тўғридан тўғри ер участкалари ажратиб берилгани маълум қилинди

Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида Жиззах вилояти ҳокимининг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилинди.

Унда Олий Мажлис Сенатининг ишчи гуруҳи томонидан вилоятни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни комплекс равишда ўрганиш якунлари ҳам батафсил муҳокама этилди.

Мажлисда мактабгача таълим, халқ таълими, маданият ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди. Қолаверса, вилоятни ривожлантириш борасида кузатилаётган айрим камчиликларга урғу берилди.

«Тоза ичимлик сувини етказиб беришда ҳануз куннинг маълум вақтларида Арнасой, Дўстлик, Зафаробод ва Фориш туманларида узилишлар кузатилмоқда. Бу эса хақли равишда аҳолининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Вилоятнинг туман марказларидаги канализация тизимлари 1970-1980 йилларда қурилган бўлиб, мавжуд иншоотлар ва тармоқлар ҳам ўз муддатини ўтаб бўлган ва таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Жуда катта уйлар қуриляпти, лекин канализация тизими ишламаяпти. Улаган билан фойдаси йўқ», деди Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Толибжон Мадумаров.

Сенатор вилоятда асоссиз равишда тадбиркорлик субъектларига тўғридан тўғри ер участкалари ажратиб бериш ҳолатлари ҳақида гапирди.

«Қишлоқ хўжалиги мақсади учун ер олган ижарачиларнинг ер ижара шартномаларига қарайдиган бўлсак, жуда катта муаммо бор. Вилоятда ер электрон автоматлаштирилган тизим фаолият олиб боради. Лекин бу тизимда фақатгина кераксиз, одам ололмайдиган, олса ҳам фойдаси тегмайдиган ерлар e-ijro’га қўйиб қўйиляпти. Лекин e-ijro бўйича савдо бўлдими десангиз, йўқ, савдо бўлмаяпти. Туманнинг ичига кириб, ҳокимнинг қарорини кўтарадиган бўлсангиз, яхши, жозибадор, ишлаши мумкин бўлган ерларга борсангиз, ҳеч қандай e-ijro’сиз ҳокимнинг қарори билан бериб юборилган. Ҳатто бу ерни бергани ҳақида вилоят, туман бюджетига пул ҳам тушмаган. Масалан, бу бўйича бевосита Шароф Рашидов туманида 16та, Ғаллаорол туманида 6та қарор билан, асоссиз равишда тадбиркорлик субъектларига тўғридан тўғри ер участкалари ажратиб берилган», деди Толибжон Мадумаров.

Мажлисда вилоятни ўрганиш якунлари халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2020 йил 10 сентябрдаги сессиясида танқидий муҳокама этилгани, унда вилоят даражасидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича 75 банддан иборат «Йўл харитаси» тасдиқлангани таъкидланди.

Бундан ташқари, қайд этилган камчиликларни бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар кўриш зарурлиги қайд этиб ўтилди. Бу борада мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари тингланди ва муҳокама этилди.

Шунингдек, вилоятда ўз ечимини кутиб турган республика даражасидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди ҳамда уларнинг ижроси юзасидан сенаторлик назоратини йўлга қўйиш белгиланди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид