Пандемия инқирози бошқа даврларда юз берган инқирозлардан фарқли ўлароқ, инсониятни онгли равишда ҳам талаб, ҳам таклифни пасайтиришга мажбур қилди. Бу ҳолатда инфляциянинг тушиши ҳам табиий кечади. Аммо юқори ставкали инфляциядан фойдаланиб қолиш мумкинми? Унинг таъсирида қарз ва тўлов мажбуриятлари ҳам қадрсизланса, инқирозни бошдан кечириш осонроқ бўладими?
Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроевнинг айтишича, инфляция нафақат қарз ва тўлов мажбуриятларнинг қадрсизланиши, балки аҳоли даромадларининг ҳам пасайишига сабаб бўлиши мумкин.

«Юқори фоизли инфляциянинг сақланиб қолиши инвестициялар оқимига салбий таъсир ўтказади. Давлат ташқи ва хусусий қарз масаласида ҳам катта инфляция аҳволимизни оғирлаштиради. Негаки, хорижий валютада олинган ташқи қарзга катта инфляция салбий таъсир ўтказади», — деди у.
Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуродовнинг айтишича, ҳеч қайси давлат юқори инфляция билан макроиқтисодий барқарорликка эриша олмайди.

«Макроиқтисодий барқарорликнинг биринчи замири — инфляциянинг паст даражада бўлиши. Ҳақиқатан, инфляция миллий валютадаги кредитларни қадрсизлантиради, аммо хорижий валютада олинган чет эл қарзи қимматлашади. Бугунги кунда ушбу масалага банк тизимимиз баланси билан қарасак, банк кредитларининг 58 фоизи хорижий валютада берилган. Ўз-ўзидан юқори инфляция кредитларнинг 58 фоизини олган хўжаликларнинг молиявий аҳволини оғирлаштиради. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари камбағалликни қисқартириш дастурини қабул қилди. Агар биз юқори инфляция фонида аҳоли камбағаллигини қисқартиришга интилсак, бу ишларнинг кўп қисми ҳавога совурилади», — деди у.
Марказий банк раҳбарияти аҳоли даромадини сақлаб қолиш, инфляция орқали етадиган хатарлардан ҳимоя қилиш монетар сиёсатнинг устувор вазифаси деб билмоқда.

Kun.uz билан суҳбатлашган тошкентлик молиячининг билдиришича, юқори инфляция кўрсаткичи имкониятларидан фойдаланишни моделлаштириб кўриш керак.








