Пандемия сабабли икки минг нафарга яқин ўзбекистонлик Абхазияда қолиб кетгани, уларнинг юзга яқини айни пайтда Абхазия-Россия чегарасида кўчада тунаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Ташқи ишлар вазирлигининг 30 сентябрь кунги баёнотида 400га яқин ватандошларнинг биринчи гуруҳи октябрь бошида Ўзбекистонга қайтарилиши айтилганди. Ўзбекистоннинг Ростов-Дондаги бош консуллиги бош консули Рустам Курганбаев билан жараён нима учун кечикаётгани, уларни ватанга қайтаришга нималар тўсқинлик қилаётгани хусусида суҳбатлашдик.

– 23 октябрь куни Москвада Россия Федерацияси ҳукумати раиси ўринбосари Татьяна Голикова раҳбарлигида Махсус комиссиянинг йиғилиши бўлиб ўтган, ушбу йиғилишда Абхазияда қолиб кетган фуқароларимизни Россия орқали Ўзбекистонга қайтариш масаласи муҳокама қилиниши кутилаётган эди. Бироқ Россия Ташқи ишлар вазирлигида шанба-якшанба дам олиш куни бўлгани, расмийлар бу вақтда мурожаатларимизга жавоб бермаётгани учун йиғилишда қандай қарор қабул қилинганини билолмай турибмиз.
Бу ёқда Абхазия-Россия чегарасида тўпланаётган ўзбекистонликлар бизга тинимсиз мурожаат қилишмоқда. Ортга қайтиш кундан-кунга чўзилаётганидан дарғазаб бўлаётганлар ҳам бор. Биз ҳам бу масалага тезроқ ечим топиш тарафдоримиз. Аммо биз ҳозир бошқа мамлакат ҳудудидамиз, бу ерда ўйин қоидаларини улар белгилашади. Шу сабабли юртдошларимиздан сабрли бўлишларини, яна озгина кутишларини, ноқонуний ҳаракатлардан тийилишларини сўраб қолардим. Худо хоҳласа, душанба (26 октябрь) куни хушхабар бўлиши кутилмоқда. Чоршанба куни биринчи самолётимиз етиб келади. Унгача барча расмиятчиликлар ҳал бўлса фуқароларни ватанга қайтаришни бошлаймиз, – дейди Рустам Курганбаев.
– Жараён нима учун чўзилиб кетди?
– Абхазияда қолиб кетган фуқароларимизнинг Ўзбекистонга қайтарилиши чўзилиб кетганининг сабаби чартер рейслар билан олиб келинадиганлар рўйхатини тузишга кўп вақт кетиб қолди. Ушбу ҳудуддаги ўзбекистонликларни топиб, маълумотларига биттама-битта аниқлик киритиб чиқишга тўғри келган. Айни пайтда рўйхатга 537 нафар киши киритилган. 20 октябрь куни бош консулхонамиз томонидан ушбу рўйхат нота орқали РФ Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этилган.








