Бу қарор бекорга қабул қилинмаган, чунки сўнгги йилларда мамлакатда абортлар сони кўпайиб кетди. Аборт ҳақидаги қонуннинг кескинлашишига қарши бўлган фаоллар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Конституцион суднинг бу қарори ортидан Польшада яширинча аборт авж олиши мумкинлиги ҳақида айтишмоқда.
Ғалабами ёки мотам?
Конституцион суднинг абортни тақиқловчи қарорини амалдаги ҳукумат тарафдори бўлган ўнгчилар ва консервативлар хурсандчилик билан кутиб олишди.
«Бугун Авлиё Иоанн Павел II (марҳум польшалик собиқ Рим папаси) ватанида унинг хотираси учун Ҳаёт Ўлим устидан ғалаба қозонди. 2020 йилнинг 22 октябрь куни тарихга киради. Биз ХХ асрда ҳукм сурган тоталитар тузумлар мероси бўлган ҳимоясиз одамларни ўлдириш амалиётини тўхтатамиз», деб ёзган Польша парламенти депутати Томаш Зимковский твиттердаги саҳифасида.
«Фарзанд кўриш ёки кўрмаслик қарори ҳомиладор бўлишдан олдин қабул қилиниши керак. Бунда келажакда туғиладиган бола касал бўлиб қолиши мумкинлиги ҳам инобатга олиниши керак. Болаларнинг ногирон бўлиб туғилишидан хавфсираб ўлдирилиши конституцияга мувофиқ эмас», деб ёзган адвокат ва ёзувчи Магдалена Кожеква-Калишук.

Қарорга қарши бўлганлар унга жуда кескин муносабат билдиришди.
«Абортнинг тақиқланиши аёллар учун жаҳаннам. Конституцион суднинг бугунги сиёсийлаштирилган ҳукми шуни англатади», деб ёзган Польша парламенти вице-спикери Малгожата Кидава-Блонская.
«Бу сиёсий пасткашлик», деб ёзган Польшанинг собиқ бош вазири, Европа Халқ партияси етакчиси Дональд Туск.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Марта Лэмпарт барчани бу қарорга рози бўлмасликка ва #PowiedzCoMyślisz (ўз фикрингни айт) ҳештеги билан интернетда жойлаштирилган 30 сонияли ролик остида фикрларини ёзиб қолдиришга чақирган.
Келишувнинг тугаши
Янги қарор қабул қилинишидан олдин Польшадаги аборт билан боғлиқ қонун Европада энг оғирларидан бири эди. Шу пайтгача мамлакатда «аборт келишуви» амал қилиб келаётганди. 90-йилларнинг бошида, коммунистик режим қулагач, ғарбона тузум ўрнатилган Польшада янги давлатда аборт қилишга рухсат бериш кераклиги ҳақида қизғин мунозаралар бўлиб ўтади.
Ўшанда мамлакатда нуфузи баланд бўлган католик черкови ва консерватив сиёсий доиралар абортни тўлиқ тақиқлаш тарафдори эди. Сўллар ва либераллар абортнинг қонуний тақиқланишига қарши норозилик билдиради. Оқибатда, 1993 йил оилани режалаштириш, ҳомилани ҳимоя қилиш ва ҳомиладорликнинг тугатилишига йўл қўйиладиган шартлар тўғрисида қонун қабул қилинади.



















