Машинада баланд мусиқа эшитиш учун жарима. Бу бор гапми?
Суҳбатнинг дастлабки қисмида вазирлик вакиллари ҳали лойиҳаси кўриб чиқилаётган баланд овозда мусиқа эшитиб кетаётган ҳайдовчига жарима белгилаш тартиби ҳақида гапиришди. Полковник Эрали Бозоровга кўра, бундай лойиҳа ишлаб чиқишга фуқароларнинг талаблари ҳам сабаб бўлган. Унинг айтишича, мақсад ҳайдовчини жаримага тортиш эмас, уларни қонунга итоаткорликка ўргатиш. Полковник мактаб, боғчалар олдидаги машиналарда баланд овозда мусиқа қўйилиши дарс ўтиш жараёнига халақит бергани ҳам лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида ўрганилганини маълум қилди.

Хўш, мусиқани баландлатиб кетаётган ҳайдовчини қандай аниқлаш мумкин? Ахир у постларга яқинлашганда овозни пастлатиб олади-ку? Маълум бўлишича, бу бўйича аниқ режа мавжуд эмас ва у қонун қабул қилингач, ишлаб чиқилади. Суҳбатдошимиз катта эҳтимол билан бундай қоидабузарликлар замонавий технологиялар ёрдамида аниқланишини айтди.
Ноодатий фаралар
Кўчаларда ҳар хил фаралар қўйилган машиналарни ҳам тез-тез учратиш мумкин. Бундай қоидабузарлар фақат тунда аниқланишига қарамай, уларнинг сони кам эмас. Полковник Эрали Бозоровнинг айтишича, йил бошидан буён 11 мингдан ортиқ ёритиш чироғини белгиланган нормадан бошқача қилиб олган ҳайдовчилар аниқланиб, жаримага тортилган.
Қурилиш кўп, экологияга зарар ҳам кўп...
Охирги йилларда Ўзбекистон қурилиш майдонига айланиб қолди. Бутун мамлакат бўйлаб қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Табиийки, бундай вақтда юк машиналарининг ҳаракати кўпаяди. Ҳатто улар ҳаракатланиши мумкин бўлмаган шаҳар кўчаларида ҳам. Уларнинг табиатга келтираётган зарари билан ҳам кимдир қизиқадими? Суҳбатдошларимизнинг айтишича, йилда бир марта ўтказиладиган техник кўрикда юк машиналари алоҳида талаблар асосида текширилади ва табиатга керагидан ортиқ зарар етказаётган машиналар ҳужжат ололмайди. Кейин, йилда икки марта экологик рейдлар ўтказилади. Қурилишда ишлаётган машиналар қурилиш корхоналари томонидан ювиб, кўчага зарар етказмайдиган ҳолатда махсус рухсатнома билан чиқарилиши кераклиги ҳам айтилди. Афтидан, доим ҳам бундай талаблар фойда беравермайди, ахир кўчаларда ҳар куни аямай қоп-қора тутун чиқараётган ва кўчаларни чангитиб кетаётган юк машиналарини кўрамиз...








